Финаллар ўйинчиси
Анхел Ди Мария Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлайди.

Аргентина терма жамоаси аъзоси, Анхел Ди Мария тез орада терма жамоадаги фаолиятини якунлашини айтди. Анхел жамоадаги сўнгги ўйинлардан кейин мана шундай қарорга келган. Хўш, бугунги кунга қадар Ди Мария Аргентина терма жамоасида қандай ютуқларга эришди?
Ёшлар ўртасида Олимпия ва жаҳон чемпиони
Ди Мария Аргентина терма жамоасида 2008 йилда дебют қилган. Бунгача ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпиони (2007) ва Олимпия чемпиони (2008) бўлган.
Америка кубоги
2021 йилда Анхел миллий терма жамоа билан биринчи йирик турнирда ғалаба қозонди. Америка Кубоги финалида аргентиналиклар 22-дақиқада Ди Мариянинг голи эвазига бразилияликларни мағлуб этишганди. Шу тариқа футболчи жамоа ғалабасига улкан ҳисса қўшади.
Финалиссима
2022 йилда Ди Мария Америка кубоги ғолиби ва Европа чемпиони баҳс олиб борган янги турнир - Финалиссима ғолибига айланди. Мазкур тўқнашувда аргентиналиклар италияликларни 3:0 ҳисобида мағлуб этишганди. Анхел эса голлардан бирига муаллифлик қилган.
Жаҳон чемпионати
2022 йилда Ди Мария биринчи марта жаҳон чемпиони бўлди. Финалда аргентиналиклар французларни 3:3 (4:2 пенальти) ҳисобида мағлуб этишди. Жаҳон чемпионати финалида ҳам Анхел голлардан бирини ўз номига ёздириб қўйишга муваффақ бўлади.
Ноёб рекорд
Анхел Ди Мария қитъа чемпионати, жаҳон чемпионати ва Олимпиада ўйинлари финалида гол урган тарихдаги ягона футболчи ҳисобланади.
Статистика
Анхел Аргентина терма жамоаси сафида 134 та ўйин ўтказиб, 29 та гол урган ва 29 та голли узатмани амалга оширган.







