Яна метрода носозлик: бу галги манзил — Шаҳристон
Бугун мазкур метро бекатида ярим соатлик узилиш кузатилди.

Бугун, 23 октябрь куни Тошкент метрополитенининг Шаҳристон бекатида носозлик кузатилди. Тошкент метрополитени ДУК мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.
"Соат 09:46 лар атрофида Шаҳристон метро бекатининг айланма йўлидан ҳаракатга чиқиши лозим бўлган 64-сонли ҳаракат таркибининг ҳаво компрессорида техник носозлик ҳолати аниқланган.
Ҳолат юзасидан тезкор кўрилган чора тадбирлар натижасида ушбу ҳаракат таркиби соат 10:17 да ҳаракатлана бошлаган. Бу эса, йўналишда белгиланган вақт интерваллари узайишига олиб келган.
Ҳозирги вақтда поездлар белгиланган жадвалга асосан ҳаракатланмоқда", — дейилади изоҳда.
Корхона келтирилган ноқулайлик юзасидан йўловчилардан узр сўраган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Транспорт прокурорининг биринчи ўринбосари О.Хамроев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жамоат транспортида (метрополитенда) аҳолига намунали хизмат кўрсатиш аҳволи ва бошқа масалалар билан танишиб, масъулларга керакли кўрсатмалар берилиши таъминланганди.







