Шавкат Мирзиёев Доналд Трампга анъанавий ўзбек айвонларини совға қилди
Доналд Трамп уларни Америка халқи номидан қабул қилган.

Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампга анъанавий ўзбек айвонларини совға қилди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.
АҚШ Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистондан юборилган айвонлар АҚШ томонидан қабул қилиб олинган. Доналд Трамп совғани Америка халқи номидан қабул қилган.
Анъанавий ўзбек услубида, нафис ёғоч ўймакорлиги билан безатилган айвонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатларнинг рамзи сифатида боғ ҳудудида қад ростлайди. Уларни ташриф буюрувчилар куз ойларида томоша қилиши кутилмоқда.
Айвонлар АҚШда ташкил этилиши режалаштирилаётган Америка Қаҳрамонлари Миллий боғи лойиҳаси доирасида Ғарбий Потомак боғига ўрнатилади. Мазкур лойиҳада таниқли америкаликларнинг тахминан 250 та ҳайкали, шунингдек, ресторанлар, амфитеатр ва бошқа объектлар барпо этилиши кўзда тутилган.
АҚШ Ички ишлар вазирлиги вакили Кети Мартиннинг таъкидлашича, анъанавий ўзбек павильонлари икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам алоқаларнинг рамзи бўлиб хизмат қилади.








