Шавкат Мирзиёев Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди
Президент Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида қатнашиш учун Бухоро шаҳрига борди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига борди.
Давлат раҳбарининг Бухородаги ташрифи Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Зиёрат давомида Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва юртимиз равнақи тилаб дуо қилинди.
Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган масканда барпо этилган.
Бугунги кунда мажмуа таркибидан мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ҳамда сўфийлик тарихига бағишланган музей ўрин олган.








