18 миллион украиналик инсонпарварлик ёрдамига муҳтож — БМТ
Буни унутмаслик керак: Украина аҳолисининг салкам ярмига гуманитар кўмак зарур.

Украинада 18 миллионга яқин одам гуманитар ёрдамга муҳтож ва қиш яқинлашгани сари вазият янада ёмонлашади. Бу ҳақда БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бошқармаси мувофиқлаштириш бўйича директори Рамеш Ражасингхам маълум қилди.
Ражасингхамнинг сўзларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш фонида "Украинанинг ёрдамга бўлган улкан эҳтиёжини унутмаслик" муҳим.
"Россия қўшинларининг Украинанинг муҳим инфратузилмасига етказган кенг кўламли зарари фуқароларнинг электр, иссиқлик, сув ва алоқа хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланганини англатади", — деди Ражасингхам.
БМТ бошқармаси директорининг қўшимча қилишича, Украина аҳолисининг 40 фоизи гуманитар ёрдамга боғлиқ. Бу қишда кутилаётган қаттиқ совуқ ҳисобга олинса, вазият ўта хавотирли.
Ташкилот, айниқса, Россия томонидан эгаллаб олинган Донецк, Луҳанск, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги қарийб 4 миллион аҳолининг аҳволига эътибор қаратди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг идораси ишғол остидаги «маҳаллий халқ билан тўлиқ алоқа ўрната олмаяпти», дея тушунтирди Ражасингхам.
Бир кун олдин ҳафталик Time журнали Украинада президент Владимир Зеленский жамоасидаги вазиятни баҳолашга бағишланган мақола чоп этди. Украина инфратузилмасини қишки совуққа тайёрлаш учун масъул бўлган уч юқори мартабали амалдор Time нашрига келгуси қишда электр таъминотидаги узилишлар ўтган йилгидан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкинлигини айтди.







