БМТ Исроилнинг ҳаракатларидан ҳайратда
Ташкилот таъсир кучига эга давлатларни вазиятга аралашишга чақирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Ғазо секторидаги тез ёрдам машиналарига зарба бергани ҳақидаги хабарлардан ҳайратда.
"Ғазода Ал-Шифа марказий касалхонаси яқинида тез ёрдам машиналари карвонига ҳужум қилингани ҳақидаги хабардан даҳшатга тушдим. Касалхона яқинидаги кўчага сочилиб кетган жасадларнинг тасвирлари юракни эзади", — деди бош котиб. Гутерриш, шунингдек, анклавдаги вазият оғир эканини, озиқ-овқат, сув ва дори-дармон етишмаслигини таъкидлади.
Бош котиб, хусусан, таъсир кучига эга бўлган барча шахслардан Ғазо секторидаги одамларнинг "азобларига барҳам бериш" ва "минтақа бўйлаб можаро тарқалишининг олдини олиш" учун ҳаракат қилишларини сўради. Гутерриш томонларни яна гуманитар сулҳ тузишга чақирди.
"Халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш керак. Фуқаролар ва фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, гуманитар ва тиббиёт ходимлари ҳамда мулклари ҳимоя қилиниши зарур", — дея хулоса қилди у.
Аввалроқ Гутерриш Фаластин-Исроил можароси авж олгани муносабати билан халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини менюдан таомлар каби танлаб бўлмаслигини, уларга сўзсиз амал қилиш кераклигини ёдда тутишга чақирганди.





