COP17: Ўзбекистонда ерларни тиклаш учун янги инвестиция ташаббуслари илгари сурилди
Тадбирда Қорақалпоғистон тажрибаси, ерларни тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш ва янги илмий-амалий марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси Томонлар конференциясининг 17-сессияси — UNCCD COP17 доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида «Инвестициялардан натижаларга» мавзусида параллел тадбир ўтказилди.
Унда деградацияга учраган ерларни тиклаш, иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш, экологик ечимларни кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишларга янги инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, ICBA бош директори доктор Тарифа Алзааби, Green University ректори профессор Бахтиёр Пўлатов ҳамда ICBA CAC постдокторанти доктор Марғуба Режапова иштирок этди.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Қорақалпоғистон тажрибаси мақсадли инвестициялар алоҳида лойиҳадан ташқарида ҳам узоқ муддатли самара бериши мумкинлигини кўрсатаётганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2023 йилда Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган 5,1 миллион доллар маблағ ҳисобидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда ICBA ҳамкорлигида Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилган.
Лойиҳа доирасида учта кўргазма майдони ташкил этилиб, иқлимга чидамли экинлар синовдан ўтказилди. Шунингдек, тупроқ ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини такомиллаштириш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилди.
Дастлабки лойиҳа кейинчалик технология ва билимларни кенг миқёсда етказишга қаратилган тизимга айлантирилди. 2025–2026 йилларда дастур Қорақалпоғистоннинг барча 15 туманида 4 144 нафар фермерни қамраб олди. Етиштирилиб, тарқатилган сифатли уруғликлар ҳажми эса 20,9 тоннадан ошди.
Тадбирда Ўзбекистон ва ICBA ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор янги ташаббуслар ҳам тақдим этилди.
Хусусан, Green University негизида Марказий Осиё био-тузли қишлоқ хўжалиги ва иқлим барқарорлиги маркази — CABACRHни ташкил этиш таклиф қилинди. Марказ дала лойиҳалари, лаборатория тадқиқотлари, кадрлар тайёрлаш ва замонавий технологияларни амалиётга жорий этишни ягона платформага бирлаштириши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қиймати 5 миллион доллар бўлган спирулина тадқиқотлари лабораториясини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур инфратузилма микроалгалар, сув ресурслари ва шўрланиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, талабалар, тадқиқотчилар ва фермерларни ўқитишга хизмат қилади.
Ерларни тиклашга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш мақсадида «Қурғоқчил ерлар» лойиҳаси лабораторияси (Drylands Project Lab)ни ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Унда лойиҳалар экологик ва ижтимоий кафолатлар, бюджет, бошланғич кўрсаткичлар, самарадорлик мезонлари ҳамда молиялаштириш манбалари асосида шакллантирилади. Ташаббус доирасидаги илк халқаро гуруҳни 2027 йилда Марказий Осиё, Мўғулистон ва қурғоқчил иқлимга эга бошқа ҳудудлар мутахассислари иштирокида шакллантириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ерларни тиклаш сифатининг минтақавий стандарти ва мониторинг, ҳисобот ҳамда верификация — MRV тизимини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур тизимда фақат тикланган ҳудудлар майдони эмас, балки ўсимлик қопламининг ҳолати, тупроқ ва сув баланси, унумдорлик ҳамда ижтимоий-иқтисодий натижаларни ҳам баҳолаш назарда тутилмоқда. Дастлабки босқичда ушбу стандартни ерларни тиклаш бўйича 5–10 та лойиҳада синовдан ўтказиш таклиф қилинди.
Иштирокчилар, шунингдек, Марказий Осиёда ер лойиҳаларини молиялаштиришга тайёрлаш марказини ташкил этиш ташаббусини кўриб чиқдилар. Марказ техник-иқтисодий тадқиқотлар, MRV тизимини шакллантириш, экологик ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш, иқтисодий таҳлил ҳамда молиявий тузилмани ишлаб чиқиш каби йўналишларни қўллаб-қувватлаши мумкин.
Тайёрланган лойиҳаларни келгусида Глобал экологик жамғарма, Яшил иқлим жамғармаси, халқаро молия институтлари, икки томонлама ҳамкорлар ва хусусий капитал ҳисобидан молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Тадбир якунида муваффақиятли инвестициялар кейинги лойиҳалар учун асос яратиши, далилларга асосланган тажрибани шакллантириши, технологияларни кенг жорий этиш ва молиялаштиришга тайёр лойиҳалар портфелини яратиши муҳим тамойил сифатида қайд этилди.








