Ўзбекистон

Президент шифокорларга табрик йўллади

"Барчамиз биргаликда ҳаракат қилиб, тиббиёт соҳасини чинакам халқчил тизимга айлантириш бўйича олдимизда турган улкан вазифаларни албатта муваффақиятли адо этамиз", дейилади табрикда.

Президент шифокорларга табрик йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

 

"Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

 

Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.

 

Биз Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши табиийдир.

 

Айни шу мақсадда кейинги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Тизимга илғор даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологиялар кенг татбиқ этилмоқда.

 

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли бирламчи ва малакали тиббий хизматлар аҳолининг кенг қатламларига кириб бормоқда. Бунинг тасдиғини шу йилнинг ўзида жойларда 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокорлик пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, бирламчи тиббий хизматлар 2 миллион 100 минг нафардан зиёд аҳолига яқинлаштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

 

Бу ҳақда сўз юритганда, 8 миллион 600 минг нафар аҳоли профилактик тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 685 минг нафари амбулатор, 72 минг нафари эса стационар шароитда соғломлаштирилгани, скрининг текширувлари орқали 167 минг нафар юртдошимизда юрак-қон томир, 52 минг нафарида қандли диабет касаллиги аниқланиб, уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилганини таъкидлаш лозим.

 

Айниқса, туғма юрак нуқсони бўлган 2 минг нафар боланинг давлат ҳисобидан операция қилингани ёш авлодга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

 

Соҳага давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари билан бирга хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам кенг жорий этилмоқда. Шифохоналарни замонавий транспорт ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш даражаси кескин яхшиланмоқда.

 

Айнан ана шундай ўзгаришлар, жонкуяр шифокорлар, юқори малакали тиббиёт мутахассислари, ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати туфайли юқори технологик жарроҳлик операциялари нафақат пойтахтимиз ва вилоятлар марказларида, балки туманларда ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда ва минглаб беморлар ўз дардига шифо топмоқда.  

 

Соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги 7 йилда ушбу тизимда самарали хизмат қилиб келаётган юртдошларимиздан 727 нафари Ватанимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.

 

Бугунги байрам муносабати билан уларнинг сафига яна кўплаб тиббиёт ходимлари қўшилганини алоҳида қайд этмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фидойи юртдошларимизни юксак мукофотлар билан табриклаб, барчасига ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

 

Азиз дўстлар!

 

Биз “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришларни амалга оширишни режа қилганмиз. Жумладан, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, Ўзбекистонни сил хасталигидан холи мамлакатга айлантириш устувор вазифамиз бўлади.

 

Шунингдек, 350 минг нафар диабет ва 1 миллион 500 минг нафар юрак-қон томир касаллиги билан оғриган беморларни даволаш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, беморларни гемодиализ ўринлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ҳам амалий ишларни бошлаймиз.

 

Аҳоли ўртасида мустаҳкам саломатлик гарови бўлган соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

 

Қадрли тиббиёт ходимлари!

 

Барчамиз биргаликда ҳаракат қилиб, тиббиёт соҳасини чинакам халқчил тизимга айлантириш бўйича олдимизда турган улкан вазифаларни албатта муваффақиятли адо этамиз.

 

Ўз қасамёдига, касби ва бурчига садоқат билан меҳнат қилаётган, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимиз анъаналарининг давомчилари бўлган  сиз, азизлар бундан буён ҳам шу эзгу йўлда бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман.

 

Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат тилайман", дейилади табрикда.

custom img

“Бу сизларга янги куч-ғайрат ва илҳом беради” — Шавкат Мирзиёев

Президент давлат мукофотларини тантанали равишда топшириб, уларга келгуси фаолиятида янги куч ва илҳом тилади.

custom img

COP17: Ўзбекистонда ерларни тиклаш учун янги инвестиция ташаббуслари илгари сурилди

Тадбирда Қорақалпоғистон тажрибаси, ерларни тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш ва янги илмий-амалий марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

Чўлларни ўзлаштирган деҳқондан уста-наққошгача — фидойи юртдошлар мукофотланди

Сурхондарёлик меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбоновнинг деҳқончиликни ривожлантириш ва чўлларни ўзлаштиришдаги меҳнати алоҳида эътироф этилди.

custom img

558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев барча ютуқлар халқнинг фидокорона меҳнати билан қўлга киритилаётганини таъкидлади.

custom img

Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига миннатдорлик билдирди

Президент Янги Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги асосий натижаларини қайд этди.

custom img

“35 йил — тарих учун жуда қисқа давр, аммо асрга татигулик давр бўлди” — Шавкат Мирзиёев

Президент иштирокида давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда.

custom img

Мўғулистон Президенти Ўзбекистон Миллий павильонига ташриф буюрди

Ухнаагийн Хурэлсух Ўзбекистонда экология ва иқлим ўзгариши соҳасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

custom img

Қайси ОТМ битирувчилари энг кўп даромад олмоқда?

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги 170 та ОТМнинг 249 мингдан ортиқ битирувчиси меҳнат бозоридаги натижаларини ўрганди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"