Андижонда аҳолига ажратилган кўмирлар талон-тарож қилинди
Учта туманда кўмир омбори мудирлари сохта ҳужжатлар билан кўмирларни пуллашган.

Андижонда аҳоли учун ажратилган кўмирлар талон-тарож қилингани аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон туман кўмир омбор мудири Ш.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 362,3 млн сўмлик 1.220,0 тонна кўмирни фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумот тайёрлаб, кўмирни нақд пулга сотган.
Шу каби ҳолатлар Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларида ҳам қайд этилган. Жами учта туманда кўмир омбори мудири аҳоли учун ажратилган кўмирларни пуллаб, шахсий манфаатлари йўлида талон-тарож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан омбор мудирлари Ш.Б., С.Н., ва Й.Ю.га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят ишлари юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.







