ИИВ тизимидаги шифокорлар ойлиги оширилади
Бу бўйича Президент фармони қабул қилинди.

Бугун, 20 ноябрь куни Президент Фармони билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–136-сон Фармонининг 1-бандида назарда тутилган қуйидагилар 2024 йил 1 январдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига (махсус ва ҳарбий унвонга эга бўлган ходим ҳамда ҳарбий хизматчилардан ташқари) нисбатан ҳам татбиқ этилади:
Ойлик лавозим маошлари:
—олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 15 фоизга;
—иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10 фоизга;
—тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15 фоизга оширилади.







