“Киржа Али афсонаси" ёхуд Бухородан Анадолу ва Булғористонга йўл
Туркияда асли бухоролик мударрис олим ҳақида фильм суратга олинди.

Болгарияда Усмонлилар империяси пайтида бориб қолган, асосан, турклар истиқомат қиладиган Хаской (Хасково) номли шаҳарча бор. Киржа Али зиёратгоҳи ана шу шаҳарда жойлашган.
Эътиборли жиҳати шундаки, маҳаллий халқ Киржа Алини мударрис, олим, бир сўз билан айтганда, маърифатпарвар инсон сифатида эъзозлайди. Унинг падари бузруквори Ғиёсиддин ўз даврининг маърифатли шахсларидан бири бўлиб, Бухоро мадрасасида сабоқ берган. Киржа Али Византия-Анадолу тупроғига Ислом дини, Мотурудий таълимотини тарғиб қилиш мақсадида келади. Анталья ва Аҳлат шаҳарларида бир муддат яшагач, ундан Болгарияга ўтади. У ерда оила қуради, фарзандлар кўради.
Гарчи ота-боболари бухоролик бўлган Киржа Али ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар жуда оз сақланган бўлса-да, лекин маҳаллий аҳоли уни ҳали-ҳануз эъзозлайди.
Болгарияда яшайдиган турклар кейинчалик Туркияга кўчиб ўтади. Айни пайтда бу ерда, асосан, ўша ердан кўчиб келган турклардан иборат бўлган “BulTürk” жамоатчилик ташкилоти фаолият юритади. Яқинда ушбу ташкилот раҳбари Рафет Улутурк ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан Киржа Али ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди. Фильм режиссёри ва сценарий муаллифи — Мустафа Шахин. Бош рольни таниқли актёр Хакан Тепе ижро этган. Фильм, асосан, Ўрта Осиёнинг Анадолуга кириш эшиги бўлган Аҳлат шаҳрида суратга олинган.
Фильм дастлаб Аҳлат шаҳрига ташриф буюрган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған иштирокида кенг тақдим этилди. Фильм тақдимоти Истанбул ва Болгарияда ҳам бўлиб ўтди. Энг муҳими фильмнинг илк тасвирлари Киржа Алининг ота макони бўлган қадим Бухоро шаҳри манзаралари билан бошланади.
"Туркий халқлар бой ва зафарли ўтмишга эга. Биз бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Туркий халқлар тарихи ва ўтмишини келажакдаги авлодларимиз ҳам билиши керак. Шу боис ота-боболаримиз тарихига оид бундай фильмларни янада кўпроқ ишлашимиз керак", — дейди “BulTürk” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Рафет Улутурк.







