АҚШ Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди
Энди рўйхатда Куба, Эрон ва Шимолий Корея қолмоқда.

АҚШ 24 август куни Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан расман чиқарди. Мазкур мақом Сурия учун 1979 йилдан буён амал қилиб келаётган эди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги хабар берди.
Қарор АҚШ президенти Доналд Трампнинг июль ойидаги билдиришномаси ва Конгрессдаги 45 кунлик кўриб чиқиш жараёнидан сўнг кучга кирган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, қарор Сурия янги ҳукуматининг терроризм билан алоқаларни узиш ва мамлакатни халқаро террорчилик ҳаракатларидан узоқлаштириш борасидаги мажбуриятлари ҳамда ижобий қадамларидан келиб чиқиб қабул қилинган.
Қарор Сурия иқтисодиётига халқаро инвестицияларни жалб қилиш йўлидаги муҳим тўсиқлардан бирини олиб ташлайди. Реутерс маълумотига кўра, бу ўзгариш АҚШ молиявий институтларининг Сурия банклари билан ишлаши учун ҳам имкониятларни кенгайтиради, бироқ санкцияланган шахслар билан операцияларга чекловлар сақланиб қолади.
Шунингдек, АҚШ Сурия ҳукуматининг терроризмга қарши мажбуриятлари фонида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТС)га нисбатан қўлланган айрим терроризмга қарши чекловларни ҳам бекор қилди.
Сурия 1979 йилда АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатига киритилган эди. Эндиликда ушбу рўйхатда Куба, Эрон ва Шимолий Корея қолмоқда.








