Тошкентда сохта банк оператори ушланди
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи 34 ёшли Ғ.С. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 3 млн 331 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшовчи 33 ёшли М.Ф. содир этганлиги аниқланган.
Унга кўра, М.Ф. жабрланувчи Ғ.С.нинг қўл телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини "банк оператори" сифатида таништириб, унда чекловлар мавжудлигини айтиб уни алдаб, "СМС" хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, жами 3 млн 331 минг сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олган ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Ф.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.







