Андижонда мактаб директорлари дам олиш куни мажлисга чақирилгани айтилди
Ҳолатга расмийлар муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида мактаб директорлари шанба куни йиғилишга жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш, мактабларда таълим сифати самарадорлиги ошириш ҳамда маънавий муҳитни янада яхшилаш мақсадида 2 декабрь куни Андижон вилоятидаги таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.
Аммо мазкур йиғилишда таълим муассасалари вакилларига қулайлик яратиш ҳамда хавфсизлик нуқтайи назаридан ЗООМ платформаси орқали иштирокчилар ўз иш жойларидан қатнашишлари белгиланган.
"Ижтимоий тармоқларда иддао қилинганидек шанба куни таълим муассасалари учун дам олиш куни эмаслиги, уларда фаолият кўрсатаётган раҳбарларга шанба кунлари учун ҳам белгиланган тартибда ойлик иш ҳақлари ҳисобланишини маълум қиламиз", дейилади расмий изоҳда.







