"Нефтчи" Тожикистон миллий жамоаси футболчисини сотиб олди
Клуб футболчи билан икки йиллик шартнома имзолаган.

"Нефтчи клуби Суперлига-2024 мавсуми олдидан янги трансферларни эълон қилишда давом этмоқда. Фарғона клуби Тожикистон миллий жамоасининг яна бир аъзоси Манучеҳр Сафаров билан келишувга эришганини эълон қилди.
"Тожикистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Манучеҳр Сафаров бугун Нефтчи билан шартнома имзолади ва янги мавсумда жамоамизнинг яримҳимоя чизиғида ҳаракат қиладиган бўлди. Жамоамиз футболчи билан икки йиллик шартнома имзолади", - дейилади клуб хабарида.
Маълумот учун, Манучехр Сафаров ўтган мавсумни Тошкентнинг Локомотив клубида ўтказди. У Про лигада 13 учрашувда 1074 дақиқа ҳаракат қилиб, 1 та гол уришнинг уддасидан чиққанди. Футболчи фаолияти давомида Тожикистоннинг Хўжанд, Локомотив ва Истиқлол клубларида тўп сурган. Манучехр Сафаров Тожикистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларида ва 2019 йилдан буён миллий терма аъзоси ҳисобланади.







