Сенат 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
48-ялпи мажлис 18 декабрда ўтказилади.

Сенатнинг 48-ялпи мажлиси 18 декабрда ўтказилади. Унда 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги ва бошқа қонунлар муҳокама қилинади. Шунингдек, Экология вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда қилинаётган ишлар юзасидан вазирлик ахбороти эшитилади.
Олий Мажлис Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлиси 18 декабрь куни соат 10:00 да ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган ялпи мажлисда, жумладан,
«2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги;
«2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги;
«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.
Сенаторлар, шунингдек, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунларни ҳам кўриб чиқади.







