Самарқандда ҳайдовчи ўқувчини уриб юбориб қочиб кетди
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд туманидаги маҳалланинг ички кўчасида қора рангли «Жентра» тез ҳаракатланиб келиб, ўқувчилардан бирини уриб юборгани ва воқеа жойидан кетиб қолгани тасвирланган видео тарқалди.
Видеода кўчани уч нафар ўқувчи кесиб ўтаётгани, "Жентра" келиб қолганда уларнинг икки нафари ўзини олиб қочгани ва бир нафарини машина уриб учириб юборганини кўриш мумкин.
Хабар берилишича, ҳодиса 2023 йил 18 декабрь куни соат 17: 25 ларда Самарқанд тумани «Равонак» МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўлда содир бўлган.
Йўлни кесиб ўтаётган 2011 йилда туғилган 7-синф ўқувчисини давлат рақами 30 О 641 АБ бўлган «Жентра» уриб юборган ва ҳайдовчи воқеа жойидан кетиб қолган.
Оқибатда, мактаб ўқувчиси тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
ЙПХ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув давомида ҳайдовчи ва транспорт воситаси топилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.







