Қирғизистон давлат байроғига ўзгариш киритилди
Президент бу бўйича қонунни имзолади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Энди мамлакат байроғидаги қуёшнинг тўлқинли нурлари тўғри ҳолатда бўлади, шунингдек, ўтов тепасидаги линиялар сони учтадан тўрттага кўпаяди.
Байроқнинг эски версиясидаги тасвир қуёшга эмас, кўпроқ кунгабоқарга ўхшаб кетгани сабабли Президент ташаббуси билан ўзгариш киритилган.
Қирғизистон давлат байроғи тасвири туширилган барча турдаги расмий ҳужжатлар амал қилиш муддати тугагунга қадар кучга эга бўлади. Автомобиль давлат рақамлари ва байроқ тасвири туширилган транспорт воситаларининг гувоҳномалари тегишли орган уларни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар амал қилади.







