“Paynet”дан пластик картага пул тушириб, нақдини бермай қочиб кетаётган шахс ушланди
Ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилинг.

Ижтимоий тармоқларда “Paynet” шохобчасида пластик картага пул тушириб, лекин нақд пулни бермасдан қочиб кетаётган шахснинг видеоси тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ўрганиш олиб борди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 3 январь куни 1993 йилда туғилган Хусанов Камрон Хисрав ўғли Олмазор туманидаги “Paynet” шохобчасига кириб, пластик картасига 682 000 сўм миқдорда пул ўтказишни сўраган. Айтилган пул миқдори пластик картасига туширилгандан сўнг, нақд пул тўламай у ердан қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (“Талончилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки унинг жиноий хати-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-49-44, 71-206-46-35 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз", — дея Тошкент шаҳар ИИББ аҳолига мурожаат қилди.







