Тошкентдаги мактабларда оммавий қотиллик қилиш билан таҳдид қилингани ҳақида хабарлар тарқалди
Расмийлар ҳолатга мзоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда 29 январь куни Тошкент шаҳридаги мактабларда оммавий қотиллик уюштирилиши ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалди. Хабарда Telegram каналларидан бирининг аноним муаллифлари Тошкентда оммавий қотиллик ўтказмоқчи экани, бу ишга бир йилдан бери тайёргарлик кўришаётгани ҳақида айтилади.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу хабарлар ҳақиқатга мос келмаслиги маълум қилинди.
"Бу каби ёлғон хабарларни тарқатишдан кўзланган асосий мақсад — аҳоли орасида ваҳима, саросима қўзғашга эришишдир. Айни провакациялар МДҲ ҳудуди учун биринчи ҳолат эмас", — дейилган расмий муносабатда.
Бу хабарлар фейк эканлиги бошидан аниқ эди. Чунки бундан уч кун аввал, 26 январь куни худди шу хабарлар Қозоғистоннинг Актобе шаҳрига тегишли Telegram каналларида ҳам тарқатилган. Хабар матнида шаҳар номидан бошқа ҳамма нарса бир хил. Шундан сўнг, 26 январь куни Актобедаги барча мактабларда дарслар бир кунга бекор қилинган. Бунга ҳатто мамлакат таълим вазирлиги ҳам муносабат билдирган.
Унда бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан текширув бошлангани маълум қилиниб, ота-оналардан ваҳимага берилмаслик ва хавотирга тушмаслик сўралган. Шунингдек, шаҳардаги мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, ўқув тадбирлари ўтказилган. Кейинроқ маълум қилинишича, Қозоғистонда сохта террорчилик акти ҳақидаги хабарларни тарқатишда гумон қилиниб, "қўшни давлатлардан бирида туғилган 18 ёшли йигит" ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.







