"Барса"да кўриниш берган "Оскар Клопп"
У Хавининг жамоасига қандай келиб қолди?

"Барселона" бош мураббийи Хави Мадридда "Атлетико" билан учрашувдан сўнг кки ўйинга дисквалификация қилинди. У айни вақтда жамоасини ўйинларга бошлаб тушгани йўқ, фақат 21 апрель куни "Реал"га қарши ўйинда яна ўз вазифасини бажариши мумкин. Бу орада, бош мураббий ўрнини Эл Класикогача кўпчиликка нотаниш бўлган, унинг акаси Оскар Эрнандес эгаллайди. Қуйида "Барса"нинг иккинчи мураббийи ва унинг Хави билан муносабатлари ҳақида маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
Хави ва Оскар собиқ футболчи ва мураббий Хоаким Эрнандеснинг ўғиллари ҳисобланади. Иккала ўғил ҳам Барселона провинциясидаги Террасе шаҳрида туғилган. Оскар 1976 йил сентябрь ойида Хави эса 1980 йил январь ойида туғилган. Хави футболчи сифатида отасидан анча ўзиб кетган бўлса, Оскар унинг даражасига ҳам етиб бормаган. Катта акаси 1995 йилда "Террасе" клуби таркибида профессионал тарзда дебют қилган. Бу вақтга келиб Хави ўз шаҳрини тарк этган ва "Барселона" академиясида шуғулланаётган эди. Бир неча йил ўтгач, Оскар ҳам "Террасе"га кўчиб ўтди ва бир мавсумдан сўнг у "Балагуэр" футболчисига айланди. Лекин у ерда атиги бир йил ўйнаб, 2000 йилларда "Матаро" билан шартнома имзолади.
"Матаро"нинг Испания чемпионатининг учинчи дивизионидаги ўйинларида Оскар фаолиятининг чўққисига эришди. У бу клубда тўрт мавсум қолди, сардор бўлди, ярим ҳимоячи сифатида 133 ўйин ўтказди ва саккизта гол урди. Хавидан фарқли ўлароқ, катта акаси ҳеч қандай соврин ютолмади. У сўнгги уч мавсумни "Гава" жамоасида ўтказди ва 30 ёшида жароҳатлари сабаб футболдан кетишга қарор қилди. 2007 йилнинг июлида, Хави Чемпионлар лигасида ғалаба қозонганида, Оскар футболдан кетганди. 2007 йилдан 2015 йилгача Оскар Эрнандес оилавий кўчмас мулк бизнеси билан шуғулланган. Шу билан бирга, у мураббий бўлиш учун ўқишни бошлаган. "Террасе" мактабининг ёш болалари билан ишлади ва агар унинг юлдуз укаси бўлмаганида, маҳаллий мутахассис бўлиб қолиши мумкин эди. Хави Оскарга мураббийлик фаолиятини ривожлантиришга ёрдам берди. 2015 йилда Хави "Барселона"ни тарк этиб, "Ал-Садд"га ўтади ва кейинги тўрт йилни Қатарда ўтказади. 2019 йилнинг июлидан 2021 йилнинг ноябригача янги бош мураббий сифатида ушбу жамоани бошқаради. Айнан 2015 йилда, Хавидан кейин унинг акаси ҳам Доҳага кўчиб ўтади. Қатарликлар эса дунёдаги энг катта ва бой спорт академиясини яратади. Оскар бошқарувчи этиб тайинланади. У ёш футболчиларга устозлик қилган. 2019 йилда Хави "Ал-Садд"ни қабул қилиб олгач, Оскар унинг мураббийлар штабидаги ўнг қўлига айланади. Ҳамда бу "Барселона"да ҳозиргача давом этмоқда.
Оскар машғулотлар ва ижодий жараёнларда фаол иштирок этади. Шунингдек, у "Барселона" футболчилари билан кўпроқ алоқада бўлади. Хави эса бироз масофани сақлайди. Таъкидланишича, футболчилар Оскарга ишонишади. Ўтган ёзда Оскар биринчи марта Америка Қўшма Штатларида "Интер Маями" билан ўйинда Хавининг ўрнига жамоани майдонга бошлаб тушади. Чунки бош мураббий Америка визасини ололмай қолади. Ўшанда "Барселона" 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Жамоадаги мазкур муваффақиятдан сўнг Оскар шундай деган эди: "Умид қиламанки, бу менинг бош мураббий сифатидаги биринчи ва охирги ўйиним". Аммо бу охиргиси эмаслиги маълум бўлди. "Ливерпул" устози билан ташқи кўриниши ва ҳиссиётлари ўхшашлиги учун "Оскар Клопп" лақабини олган Оскар яна Хавининг ўрнида кўриниш берди. Ҳозиргача "Барса" Оскар билан биргаликда бир қатор ўйинларда ғалаба қозонишга эришди.







