Осиё кубоги U-23. Ўзбекистон тарихда илк бор Олимпиадага йўлланма олди
Жамоа ярим финалда Индонезияни мағлуб этди.

Қатарда ўтаётган Осиё кубоги U-23 яримфинали доирасида Ўзбекистон олимпия жамоаси Индонезияни мағлуб этиб, финалга чиқиш билан бирга ўз тарихида илк бор Олимпиадага йўлланма олди. Темур Кападзе шогирдлари Парижда ўтадиган ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этишади. Вакилларимиз финалда 3 май куни Ироқ – Япония ўйини ғолибига қарши саф тортади.
Доҳада ўтган яримфинал баҳсининг биринчи бўлимида вакилларимиз қатор имкониятларга эга бўлишсада, ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда Жасурбек Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаев захирадан майдонга туширилгач, ҳужумкорлик ошди.
63-дақиқада индонезияликлар ҳисобни очган бўлсада, ВАР текширувидан кейин бош ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиб, голни бекор қилди. 68-дақиқада эса Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг узатмасини Норчаев голга айлантириб, ҳисобни очди – 1:0.
84-дақиқада индонезияликлар сардори Ризқи Ридҳо Жасурбек Жалолиддиновга нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилгани учун майдондан четлатилди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Абдуқодир Ҳусановнинг бош билан йўллаган зарбасини рақиб ҳимоячиси Арҳан ўз дарвозасига киритиб қўйди – 2:0.







