"Права"си олиб қўйилганлар томонидан содир этилган ЙТҲларда 212 киши ҳалок бўлган
2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига қарамай, қайтадан рулга ўтирган шахслар 707 та йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов 2024 йилнинг июль ойида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига янги тайинланган Шерзод Ибрагимов ҳамда соҳа масъуллари билан учрашиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни муҳокама қилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига қарамай, қайтадан рулга ўтирган шахслар 707 та йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Бунинг оқибатида 212 нафар шахс ҳалок бўлган ва 546 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Умуман олганда, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинганлар умумий ҳайдовчилар сонининг 0,3 фоизини ташкил қилгани ҳолда, улар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари умумий ЙТҲларнинг 11 фоизига тўғри келган.







