Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда
Бу ҳақида БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоботида маълум қилинди.

"Толибон" 2022 йил апрелда кўкнори етиштиришни тақиқлаганди. Натижада, мамлакатда 2023 йилга келиб кўкнори етиштириш тахминан 95 фоизга қисқарган. Аммо жорий йилда Афғонистонда кўкнори экиладиган майдонлар қарийб 20 фоизга (12,8 минг гектаргача) ошди.
Шунингдек, кўкнори экиладиган ҳудудлар Афғонистон марказидан мамлакатнинг жануби-ғарбий ҳамда шимоли-шарқий қисмларига кўчди.
"2024 йилдаги ўсишга қарамай, кўкнори майдонлари 2022 йилга нисбатан кам. Бундан икки йил олдин улар 232 минг гектар ҳудудда етиштирилган", — дея таъкидланади БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоботида.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг биринчи ярмида қуруқ кўкнорининг бир килограммини 730 доллар атрофида сотилган — бу тақиқдан олдинги нархдан 100 долларга қиммат. Ўтган йилги ҳисоботда кўкнори нархи 408 долларгача чиққани айтилган эди.
2023 йилда Афғонистонда етиштирилган кўкнорининг қарийб ярми Покистон билан чегарадош жануби-ғарбий вилоятлар ҳисобига тўғри келган бўлса, жорий йилда ушбу ҳудудлар сезиларли даражада қисқарган. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош шимоли-шарқий вилоятларда эса экин майдонлари 381 фоизга ошиб, 7563 гектарга етган.







