Месси ва Суарес ўзларининг футбол клубига асос солишди
Улар Уругвай футболини қўллаб-қувватламоқда.

"Inter Mayami" клуби ҳужумчиси Луис Суарес ўзининг яқин дўсти ва жамоадоши Лионел Месси билан бирга Уругвайда янги футбол клубига асос солганини эълон қилди. Бу ҳақда футболчи «Х» ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилган.
Янги жамоа "Deportivo LSM" номи билан танилган бўлиб, бу қисқартма икки афсонавий футболчининг — Луис Суарес ва Месси номларидан ташкил топган. Клуб Уругвай чемпионатининг тўртинчи дивизионида иштирок этади ва ёш футболчиларни кашф этиш, уларни ривожлантиришга катта эътибор қаратишни режалаштирмоқда.
"Deportivo LSM" ўз машғулотларини Луис Суаресга тегишли бўлган, замонавий инфратузилмага эга спорт мажмуасида олиб боради. Мажмуа таркибига 1400 ўринли сунъий қопламали стадион ва 620 ўринли мини-футбол майдони киради.
Месси ва Суарес янги авлод футболчиларига илҳом бўлиши, уларнинг орзуларига йўл очиши мумкин бўлган муҳим қадамни ташлашди.







