“Навоий кон-металлургия комбинати” жамоатчилик учун очиқми?
Истеъмолчилар фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг таъминланишини баҳолаш мақсадида ташкилотга жамоатчилик сўрови юборилди.

Жамоатчилик назоратининг мавжудлиги фуқаролик жамиятининг муҳим шарти ҳисобланади. Айнан жамоатчилик назорати орқали ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муаммолар кун тартибига олиб чиқилади ва ҳал этиб борилади. Шу билан бирга, жамоатчилик назорати давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунида жамоатчилик назоратининг шакллари белгиланган бўлиб, давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш шулар жумласидандир.
Шу маънода Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси корхоналар фаолиятининг ишлаб чиқариш, экологик ва санитария-гигиеник талабларга мувофиқлиги, ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳолати, кўрсатилаётган хизматлар сифати, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик чоралари юзасидан истеъмолчилар фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг таъминланишини баҳолаш мақсадида республикамиздаги йирик корхоналардан саналувчи “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда “Навоийуран” давлат корхонасига жамоатчилик сўрови киритди.
Ушбу сўров натижаларига кўра, келгусида жамоатчилик эшитувини ташкил этиш режалаштирилган.
Бугунги кунда халқимизда фаол фуқаролик позицияси шаклланмоқда. Жамиятдаги ҳар бир воқеликка муносабат билдиришга интилиш ортиб бормоқда. Шу боис корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятларини жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ташкил этишлари зарур.
Маълумот учун: “Навоий кон-металлургия комбинати” жаҳондаги олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи тўртта компаниядан бири бўлиб, Марказий Осиёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи корхона ҳисобланади.







