Тошкентда “права” олиб бермоқчи бўлган инспектор қўлга олинди
Инспектор 1500 доллар ва имтиҳон учун 1,9 млн сўм олаётган вақтда ДХХ ва прокуратура томонидан ушланган.

Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг патруль-пост хизмати инспектори хизмат мавқейини суиистеъмол қилиб, фуқаронинг ишончига кирган ва Навои вилоятида яшовчи танишига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилган. Бу ҳақда Zamon.uz'га ДХХ хабар қилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда инспектор 1500 АҚШ доллари ва имтиҳон учун тўланиши лозим бўлган 1 миллион 900 минг сўмни олаётган вақтда қўлга олинган. Пул маблағлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







