Ўзбекистон Кореяга яна 6 бош хизмат итини экспорт қилди
Миллий Кинология Маркази тайёрлаган итлар энди Жанубий Корея божхона хизматида хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, икки давлат божхона хизматлари ўртасидаги кинология соҳасидаги ҳамкорлик амалий натижалар бермоқда.
Сўнгги келишувлар доирасида Тошкентдаги Миллий Кинология Маркази томонидан “гиёҳванд воситаларни қидириш” йўналишида тайёрланган навбатдаги хизмат итлари Жанубий Корея божхона хизматига топширилди.
2023–2024 йилларда Миллий Кинология Марказида тайёрланиб, Корея божхона хизматига юборилган 6 бош лабрадор зоти хизмат ити айни пайтда халқаро аэропортлар ва денгиз портларида самарали фаолият олиб бормоқда.
Шу сабабли, 2024 йил июнь ойида кореялик мутахассислар Тошкентга ташриф буюриб, яна 6 бош хизмат итини харид қилиш бўйича икки томонлама шартнома имзолашди.
Ушбу шартнома доирасида, яқинда Тошкент халқаро аэропорти орқали 6 бош хизмат ити Кореяга жўнатилди. Барча итлар зарурий ветеринар кўриклардан муваффақиятли ўтиб, халқаро ташиш учун ҳужжатлари расмийлаштирилди ва “Экспорт уч қадамда” тизими орқали божхона декларацияси асосида Кореяга экспорт қилинди.
Корея божхона хизмати вакиллари томонидан қабул қилиб олинган хизмат итлари — Жессие, Белла, Фарона, Рада, Файз ва Фариз — эндиликда иқлимга мослашиш жараёнини якунлаб, хизматга сафарбар қилиниши кутилмоқда.
Маълумот учун, ҳозиргача Миллий Кинология Маркази томонидан тайёрланиб Кореяга юборилган хизмат итлари сони 12 тага етди.







