Зўравонлик хавфи аниқланса, бола вақтинча оиладан ажратилиши мумкин – янги тартиб жорий этилди
Тартиб “Инсон” марказлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорига мувофиқ, болаларга нисбатан зўравонлик хавфини аниқлаш, баҳолаш ва унга қарши чора кўриш бўйича ҳуқуқий механизмларни белгилаувчи янги низом тасдиқланди. Эндиликда бола хавф остида деб топилса, зарур ҳолларда у вақтинча оиладан ажратилиши мумкин.
Янги тартибга кўра, бола зўравонлик қурбони бўлиши ёки шундай хавф мавжуд бўлиши аниқланса, бу ҳақда ўзи ёки қонуний вакили орқали “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига, ички ишлар органларига ёки бошқа ваколатли идораларга мурожаат қилиши мумкин.
Мазкур мурожаат асосида “Инсон” маркази ички ишлар ходимлари иштирокида боланинг ҳаётий ҳолатини бир кун ичида ўрганади ва хавф даражасини дастлабки таҳлилдан ўтказади. Агар хавф “юқори” деб баҳоланса, қуйидаги чоралар кўрилади:
– зўравонлик содир этган шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;
– бола ёки унинг вакиliga ҳимоя ордери бериш;
– боланинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уни вақтинча оиладан ажратиш.
Бола ҳаётига таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, “Инсон” маркази 14 кун ичида бола ҳолатини комплекс баҳолайди ва натижалар асосида 3 иш куни давомида махсус ҳимоя режаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, зўравонлик содир этган ёки шунга мойиллик билдирган шахсларга нисбатан қуйидагича ҳуқуқий чоралар қўлланиши мумкин:
– мажбурий тузатиш дастурларидан ўтказиш;
– ота-оналик ҳуқуқини вақтинча чеклаш ёки бекор қилиш;
– наркологик муассасаларда мажбурий даволаниш;
– бошқа мажбурий тиббий чораларни қўллаш.








