Ўзбекистондаги қурилиш объектларида QR-кодли паспорт ўрнатиш тартиби жорий этилди
Янги тартиб 2025 йил 1 сентябрдан кучга киради.

Адлия вазирлиги томонидан 26 август куни “Қурилиш объектларида QR-кодли (матрик штрихли код) паспорт ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3672). Янги тартибга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги барча қурилиш объектларида QR-кодли паспортлар мажбурий тарзда ўрнатилади.
Паспорт қурилиш объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтган куннинг ўзида буюртмачи томонидан объектнинг кириш қисмига ёки барча учун кўринадиган жойга жойлаштирилади. У объект фойдаланишга топширилгунга қадар ўрнатилган ҳолатда туриши шарт.
Қурилиш паспортлари намлик ва ташқи таъсирларга чидамли материалдан тайёрланади. Унинг ўлчами 2400х1200 миллиметр бўлиб, эр сатҳидан камида 1 метр баландликда ўрнатилиши белгиланган.
Ҳудудий инспекция томонидан объект рўйхатдан ўтказилгач, “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида мазкур объектга оид дастлабки маълумотлар жойлаштирилади ва улар учун QR-код автоматик тарзда шакллантирилади. Бу тизим қурилиш жараёнларида очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган.







