Самарқандда Хорватия консуллигини очилиши мумкин
Хорватия парламенти делегациясининг ташрифи доирасида Самарқанд ва Дубровник ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Хорватия парламентининг Конституция, регламент ва сиёсий тизим қўмитаси аъзоларидан иборат делегация Самарқанд шаҳрида бўлди. Ташриф доирасида делегация аъзолари Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашув чоғида Самарқанд ва Хорватиянинг туризм марказларидан бири ҳисобланган Дубровник шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар туризм, транспорт, фармацевтика, алоқа ҳамда ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Хорватиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Рефик Шабанович ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ўтказилган учрашувлар давомида Тошкент шаҳрида Хорватия элчихонасини, Самарқандда эса консуллик очиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Шунингдек, Самарқанд ва Дубровникни биродар шаҳарлар сифатида боғлаш ташаббуси илгари сурилди.
Маълум қилинишича, туризм бўйича катта тажрибага эга бўлган Дубровник шаҳри йилига миллионлаб сайёҳларни қабул қилади. Ушбу йўналишдаги тажриба алмашуви Самарқанд туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаровнинг таъкидлашича, 2030 йилга қадар шаҳарга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 10 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган. Бу борада Дубровник билан ҳамкорлик инфратузилмани модернизация қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда тарихий-маданий меросни глобал миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.







