Жаҳон

Исроил ҳибсдаги фаластинликларга ўлим жазосини қўллашга рухсат берувчи қонунни қабул қилди

Мазкур қонун Европа давлатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин танқидига учради.

Исроил ҳибсдаги фаластинликларга ўлим жазосини қўллашга рухсат берувчи қонунни қабул қилди

Исроил парламенти — Кнессет фаластинликлар томонидан содир этилган, ўлим билан якунланган ҳужумлар учун ўлим жазоси белгиланишини кўзда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

 

Мазкур чора Европа давлатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кескин танқид қилинди.

 

Қонунга кўра, Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда ҳарбий суд томонидан “терроризм акти” деб баҳоланган қасддан содир этилган ўлимли ҳужумларда айбдор деб топилган фаластинликлар учун ўлим жазоси асосий жазо чораси сифатида белгиланади.

 

Лойиҳа матнига мувофиқ, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар алоҳида муассасада сақланади, у ерга  фақат рухсат этилган ходимларгина кириши мумкин бўлади, юридик маслаҳатлашувлар эса фақат видеомулоқот орқали амалга оширилади. Ҳукм ижроси 90 кун ичида бажарилиши кўзда тутилган.

 

Миллий хавфсизлик вазири қонун ташаббусининг асосий тарафдорларидан бири Итамар Бен-Гвир сиртмоқ шаклидаги нишон тақиб юрган. У осиш усулини “вариантлардан бири” деб атаб, электр стули ёки “эвтаназия” каби усулларни ҳам тилга олган ва айрим шифокорлар ёрдам беришга тайёр эканини айтган.

 

Хавфсизлик қўмитаси қонун лойиҳасига бир қатор ўзгартиришлар киритган, у ўтган ҳафта дастлабки ўқишда маъқулланганди. Исроилнинг давлат телерадиокомпанияси КАN маълумотига кўра, қатл осиш йўли билан амалга оширилади.

 

Шунингдек, қонун судларга ўлим жазосини прокурор талабномасисиз ва якдил қарорсиз, оддий кўпчилик овози билан белгилаш имконини беради. Босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги ҳарбий судларга ҳам бундай ҳукм чиқариш ваколати берилади, мудофаа вазири эса ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Босиб олинган ҳудудлардаги фаластинликлар учун ушбу қонун апелляция ёки афв имкониятларини деярли ёпади. Исроил ҳудудида судланган маҳбуслар эса ўлим жазосининг ўрнига умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилиши мумкин.

 

Қонун Отзма Еҳудит партияси ташаббуси билан илгари сурилган бўлиб, унга Итамар Бен-Гвир раҳбарлик қилади. Қаршилар эса бу чорани Исроил жазолаш сиёсатининг кескин кучайиши сифатида баҳоламоқда.

 

Ҳарбий амалдорлар ва вазирликлар ушбу қонун халқаро ҳуқуқни бузиши ҳамда Исроил ходимларининг хорижда ҳибсга олиниши хавфини ошириши мумкинлигини билдирган.

 

Қонун кучга киргач, расмий амал қила бошлайди, бироқ у ҳали ҳам Исроил Олий суди томонидан кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши мумкин.

 

Овоз бериш бошланишидан олдин Итамар Бен-Гвир парламент минбаридан кескин нутқ сўзлаб, қонунни узоқ кутилган чора ва миллий ғурур ифодаси сифатида таърифлади.

 

“Бугундан бошлаб ҳар бир террорчи ва бутун дунё биладики, ким бировнинг ҳаётига зомин бўлса, Исроил давлати унинг ҳаётига зомин бўлади”, — деди Бен-Гвир.

 

Исроилнинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қонунни “тизимли дискриминация ва фаластинликларга қарши ирқчилик зўравонлиги”, деб баҳолади. Исроилдаги Фуқаролик ҳуқуқлари ассоциацияси ушбу қонун устидан Олий судга шикоят киритганини маълум қилди.

 

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос қонунни халқаро ҳуқуқни бузувчи ва фаластинликларни қўрқитишга қаратилган самарасиз уриниш деб атади.

 

“Бундай қонунлар ва чоралар фаластин халқининг иродасини синдира олмайди ва уларнинг қатъиятини сусайтирмайди. Шунингдек, улар фаластинликларни эркинлик, мустақиллик ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат барпо этиш йўлидаги қонуний курашдан қайтара олмайди”, — дейилади баёнотда.

 

Ўтган ой БМТ экспертлари Исроилни ушбу қонун лойиҳасидан воз кечишга чақириб, у яшаш ҳуқуқини бузиши ва босиб олинган ҳудудлардаги фаластинликларга нисбатан дискриминацияни кучайтиришини таъкидлаган. Экспертларнинг фикрича, бу чора судларнинг индивидуал ҳолатларни инобатга олиш ва мутаносиб жазо белгилаш имкониятини чеклайди. 

 

Шунингдек, осиш халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан қийноқ ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи жазо ҳисобланади.

 

Европа Иттифоқининг дипломатик хизмати ҳам ушбу ташаббусни қоралаб, ўлим жазоси яшаш ҳуқуқини бузишини ва қийноқларга мутлақ тақиқни хавф остига қўйишини билдирди.

 

Февраль ойида Amnesty International Исроил қонунчиларини мазкур лойиҳани рад этишга чақирган.

 

Якшанба куни Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия ушбу қонун юзасидан “чуқур хавотир” билдириб, у Исроилнинг демократик тамойиллар бўйича мажбуриятларига путур етказиши мумкинлигини қайд этди.

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

UNHCR уларнинг уруш давом этаётган мамлакатга қайтарилиши ортидан таъқибга учраши ёки мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилинишидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

14 нафар ҳарбий ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Руминия оммавий ахборот воситалари дон ортилган Туркия кемасига дрон зарбаси берилганини билдирмоқда.

Россияда «ўлат хавфи» сабаб бир қатор шифохоналар карантинга олинди

Россияда «ўлат хавфи» сабаб бир қатор шифохоналар карантинга олинди

Бунга 28 ёшли тиббиёт ходимининг вафот этгани сабаб бўлган. Айни пайтда у билан алоқада бўлган қарийб 200 киши ҳам изоляция қилинган.

Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда

Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда

Саудия Арабистони ҳусийлар назорати остида бўлган Сано шаҳрига зарба берди. Бунга жавобан ҳусийлар Саудия Арабистонининг йирик нефть-газ конига ҳужум қилди.

Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди

Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди

Ўқувчилар намойишлари ортидан 500 тагача таълим муассасасида дарслар тўхтатилган.

Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди

Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди

Германия Украинага 1,35 млрд евро ёрдам ажратиши кутилмоқда.

Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди:  20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади

Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди: 20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади

Оқ уйга кўра, маблағ Medicare Improvement Fund ҳисобидан ажратилиб, аксарият фуқароларга октябрь ойининг бошида тўғридан-тўғри ўтказилади.