Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқи қонун билан кафолатланмоқда
Сенат фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамловчи қонун қабул қилди.

Олий Мажлис Сенати фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунни қабул қилди. Мазкур ҳужжат миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Маълум қилинишича, қонун Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ Сенат томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритилган.
Ҳужжат билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекси ҳамда Меҳнат кодексига, шунингдек “Ўзбекистон Республикасидаги жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
Киритилаётган ўзгартишларга кўра, Меҳнат кодексида иш ташлаш жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш воситаси сифатида ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида меҳнат вазифаларини тўлиқ ёки қисман бажаришдан вақтинчалик, ихтиёрий ва жамоавий равишда бош тортиш сифатида белгиланди.
Шунингдек, қонунда иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланиши, иш берувчи ва ваколатли меҳнат органларини хабардор қилиш тартиби, шунингдек, томонларнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонуннинг амалга оширилиши миллий қонунчиликни халқаро стандартларга яқинлаштиришга, иш ташлаш жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш орқали жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, бу қадам Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашувчи давлат сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлардаги обрўсини ошириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратиши қайд этилди.








