Ўзбекистон

Ўзбекистонда олис ҳудудларда хусусий клиникалар очиш учун кредит ажратилади

2026 йил 1 июлдан тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш тартиблари кучайтирилади.

Ўзбекистонда олис ҳудудларда хусусий клиникалар очиш учун кредит ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

 

Маълум қилинишича, тақдимотда хусусий секторнинг соҳа ривожидаги ўрни ва бу борадаги мавжуд имкониятлари кўриб чиқилди.

 

Қайд этилишича, 2016 йилда  мамлакатда 3,2 мингта хусусий клиника фаолият юритган бўлса, 2026 йилда уларнинг сони 8,7 мингтага етиши кутилмоқда. Хусусий тиббиёт йўналишлари 39 тадан 116 тага, ушбу сектордаги койка ўринлари эса 16 мингдан 57 мингтагача кўпайди. Хусусий секторнинг умумий койка фондидаги улуши 12 фоиздан 31 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда.

 

Шу билан бирга, тизимдаги айрим муаммолар ҳам кўрсатиб ўтилди. Жумладан, тиббий хизматлар сифати устидан амалдаги назорат механизмлари етарли даражада самара бермаётгани, лицензиялаш талаблари замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, хусусий клиникалар фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг ягона электрон тизимда шаклланмагани, шунингдек, инвестиция лойиҳалари билан манзилли ишлаш тизими етарли эмаслиги қайд этилди.

 

Шу боис, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва унинг масъулиятини оширишга қаратилган янги ёндашувлар тақдим қилинди.

 

Хусусан, тиббий фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ барча вазифалар Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитатсиялаш марказига ўтказилиб, 2026 йил 1 июлдан лицензиялаш тартибларини кучайтириш, бемор хавфсизлиги ва тиббий ёрдам сифатини таъминлашга доир 48 турдаги лицензия талабларининг 14 тасини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди. Мазкур жараёнда кўп тармоқли клиникалар фаолиятини тўлиқ тўхтатиш амалиётидан воз кечиб, фақат аниқ қоидабузарлик аниқланган йўналиш бўйича чеклов қўллаш тартиби назарда тутилмоқда.

 

Шу билан бирга, тиббиёт ташкилотларининг лицензия талаб ва шартларига риоя қилиниши бўйича сифат назорати кучайтирилиб, электрон ахборот тизимида масофавий баҳолаб бориш орқали назорат қилиш йўлга қўйилади.

 

Қолаверса, нодавлат тиббиёт ташкилотларига лицензия доирасидаги барча йўналишларда бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат бериш, аккредитациядан ўтган хусусий муассасаларга трансплантация фаолияти билан шуғулланиш имконини тақдим этиш, 2028 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтмаган нодавлат ва республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари билан Суғурта жамғармаси томонидан тиббий хизматларнинг харидини амалга оширмаслик таклиф этилди.

 

2030 йил якунига қадар барча давлат тиббиёт муассасалари босқичма-босқич, хусусан, 2027 йил 1 апрелгача 55 та республика, 2028 йил якунига қадар 413 та ҳудудий ҳамда 2030 йил якунигача 3 мингдан ортиқ туман (шаҳар) давлат тиббиёт ташкилотлари фаолияти мажбурий лицензияланади.

 

Хусусий тиббиётни рағбатлантириш учун иқтисодий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

 

Жумладан, олис ҳудудларда янги клиникалар очиш учун 200 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит ресурси ажратилиши, ҳар бир лойиҳа учун 10 йилгача муддатга 10 миллион АҚШ доллардан кредит бериш, асосий ставканинг 50 фоиз қисми учун компенсация механизмини қўллаш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, хорижий мутахассисларга ижтимоий солиқни 1 фоиз этиб белгилаш, тиббий ускуна ва бутловчи қисмлар бўйича божхона имтиёзлари бериш каби енгилликлар таклиф этилди.

 

Тақдимотда соҳага инвестицияларни жалб қилишнинг янги тизими ҳам кўриб чиқилди.

 

Бунинг учун Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш, инвесторларга консалтинг ва амалий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини профессионал асосда шакллантириш ва илгари суриш механизмини жорий этиш назарда тутилмоқда.

 

Хусусан, агентликка соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, инвестиция ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига кўмаклашиш, давлат тиббиёт ташкилотларини бошқарувга бериш ваколати берилади ҳамда агентлик таъсисчилигида инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, келишиш ва амалга оширишда кўмаклашувчи акциядорлик жамияти шаклидаги “Health Invest” компанияси ташкил этилади.

 

Хорижий экспертлар билан биргаликда давлат тиббиёт муассасаларини корпоратив бошқарув тамойиллари асосида трансформация қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Шунингдек, хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда тиббиёт ташкилотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишга туширишга оид шаҳарсозлик ҳамда санитария қоида ва меъёрлари қайта кўриб чиқилиб, халқаро талабларга мослаштирилиши белгиланди.

 

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

custom img

Тошкентда кўп қаватли уйнинг том қисмида ёнғин чиқди

Ёнғин соат 22:43 да қуршаб олинган, ҳозирда уни тўлиқ бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

custom img

Жиззах тиббиётида 180 кунлик тажриба: янги тиббий тизимдан нималар кутиляпти?

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини 180 кун ичида юқори технологияли ҳудудий референс марказга айлантиришга қаратилган «Жиззах-180» дастури ишга туширилди.

custom img

"Ўзбекгидроэнерго" тизимидаги 8 та объектга янги JAC автомобиллари топширилди

Янги транспорт воситалари тоғли ва мураккаб ҳудудларда хизмат кўрсатиш ишларини тезкор ташкил этишга хизмат қилиши билдирилди.

custom img

Россияда оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ва унинг 6 фарзанди ватанга қайтарилди

Фуқаронинг ҳужжатлари йўқлиги сабабли у ва фарзандлари вақтинча сақлаш муассасаларидa бўлган.

custom img

Тошкентда квартираларнинг нархи кадастрдагидан 7,4 баравар, ҳовли-жойларники эса 14 баравар юқори чиқди

600 мингдан ортиқ квартира ва 213 мингта ҳовли-жой оммавий баҳоланди.

custom img

Судья Азиза Мирзаева мажлисга кетаётганида ҳалокатга учрадими?

Олий суд Томди туман суди раиси вафоти юзасидан расмий муносабат билдирди.

custom img

Тошкентдаги ёнғинда ҳалок бўлган ФВВ офицери Самарқандда дафн этилди

Дафн маросимида ФВВ раҳбарияти ва шахсий таркиби, марҳумнинг яқинлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

custom img

Банкларнинг молиявий ҳолатини тиклаш режаларига қўйиладиган талаблар белгиланди

Банклар молиявий қийинчиликларга дуч келган тақдирда уларнинг фаолиятини тиклашга қаратилган режалар эндиликда белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"