“Матбуот эркинлиги куни — табрик билан ўлчанадиган байрам эмас”
“Чегара билммас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича янги рейтингда Ўзбекистон бир поғонага кўтарилган, бироқ ҳисоботда мамлакатдаги ОАВ билан боғлиқ вазият “ҳамон мураккаб”лигича қолмоқда.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти матбуот эркинлигининг йиллик рейтингини (2026 World Press Freedom Index) эълон қилди. Ўзбекистон 180 та давлат орасида 147-ўринда қайд этилди.

“2016 йилда Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг оммавий ахборот воситалари учун шароитлар жуда кам даражада яхшиланди, холос, ҳокимият тепасидагиларни танқид қилиш ҳамон жуда мураккаб масала бўлиб қолмоқда”, — дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда ҳукумат “ОАВ ва ҳукуматга яқин бўлган блогерларнинг катта гуруҳи устидан кучли назоратни амалга ошираётгани” қайд этилган.
“Ҳукумат репрессив медиа қонунларига чек қўйиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳали амалга оширгани йўқ. Цензура, кузатув ва ўзини ўзи цензура қилиш кенг тарқалган. Ўз мустақиллигини сақлаб қолиш мақсадида айрим маҳаллий онлайн нашрлар расмий равишда ОАВ сифатида рўйхатдан ўтишга иккиланади, чунки бу уларни жиноий жавобгарликка тортилиш ва эълон қилган контенти учун катта миқдордаги жарималарга дуч келиш хавфи остида қолдиради”.
Шунингдек, “расмийлар иқтисодий босим ўтказишдан ёки журналистларни сотиб олишга уринишдан тап тортмаслиги” таъкидланган.
“Мустақил ОАВнинг ривожланишига, айниқса, эркин матбуотни қўллаб-қувватловчи хорижий ташкилотлар томонидан молиялаштиришни чекловчи қонун ва қоидалар ҳам катта тўсқинлик қилмоқда”, — дейди “Чегара билмас мухбирлар”.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан ажратиладиган маблағларнинг камайиши ҳам Ўзбекистондаги матбуот аҳволига жуда салбий таъсир кўрсатгани ва мустақил нашрларни янада заифлаштиргани қўшимча қилинди.
“Марказий Осиё минтақаси тобора қадриятлари остин-устун бўлиб кетган улкан лабораторияга ўхшаб бормоқда. Унда қонунийлик сунъий характерда бўлиб, ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга эмас, балки биринчи навбатда ҳукумат манфаатларига хизмат қилади”, — деб ҳисоблайди RSF.
Журналист Илёс Сафаровга кўра, матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда мамлакат ўрни тобора ёмонлашиб, мамлакат ранги эса тўқ қизиллашиб бормоқда. Сафаров 3 май Жаҳон матбуот эркинлиги кунини нишонлашни аллақачон тўхтатганмиз демоқда.
“Масалан, ҳозир “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилиши 27 июнга (Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни) кўчирилган. Бу эса байрам моҳиятини “эркинлик”дан кўпроқ “касбий байрам”га ўзгартиришга уринишдек кўринади.
Қарангки, бу йилги рейтингда ўрнимиз бир поғона “яхшиланибди” — 148 дан 147-ўринга кўтарилибмиз. Аммо синчиклаб қаралса, бу барибир алдамчи рақам бўлиб чиқади: умумий баллимиз 34.95 дан 35.24 га ёмонлашган. Бу дегани бизда ўтган бир йил давомида вазият яхшилангани йўқ, шунчаки бошқа мамлакатларда аҳвол биздагидан кўра кескинроқ ёмонлашган”, - дея ёзади у ўзининг Телеграм саҳифасида.
Журналист Нозима Тошпўлатова бугунги кунни журналистлар учун “байрам”дан кўра кўпроқ сарҳисоб куни эканлигини ўзининг Телеграм каналида ёзмоқда.
“Бу кун сўз эркинлиги қай даражада ҳимоя қилинаётгани, журналистлар қандай муҳитда ишлаётгани ва жамият ҳақиқатни айтиш ҳуқуқини қанчалик қадрлаётганини ўйлаш учун белгиланган.
“Матбуот эркинлиги куни — табрик билан ўлчанадиган байрам эмас, жамиятнинг нафас олиш имкониятидир.
Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ҳолати ҳамон “жуда қийин” даражада қолмоқда. Сиёсий индикатор бўйича мамлакат 152-ўринда, ижтимоий муҳит бўйича эса 159-ўринда қайд этилган. Бу рақамлар журналистикада асосий муаммо фақат қонунларда эмас, балки муҳит, босим, ўзини цензура қилиш ва танқидга муносабатда эканини кўрсатади.
2026 йилги глобал ҳолат ҳам ташвишли: RSF индексига кўра, дунёда матбуот эркинлиги сўнгги 25 йилдаги энг паст даражага тушган”, дея ёзади у.
Шунингдек, журналист байрам қачон бўлади деган саволни ўртага ташлади. Унинг ёзишича, “танқидчи журналист суд, босим, таҳдид ёки “душман” деган тамғадан қўрқмасдан ишласа. Давлат идоралари журналист саволини ҳужум эмас, жамоатчилик назорати деб қабул қилса. Танқид қилган одам обрўсизлантирилмаса. Очиқ фикр айтган блогер ва журналистлар троллар қўли билан нишонга олинмаса. “404”лар, суд даъволари, босимлар ва ўзини цензура қилиш одатий ҳолга айланмаса”, шундагина бу кунни байрам қилиш мумкин.
“Ҳозирча эса 3 май — биз учун байрам эмас. Бу кун журналистика нима учун кераклигини, сўз эркинлиги йўқолса бошқа ҳуқуқлар ҳам заифлашишини яна бир бор эслатадиган сана.
Шундай экан, бугун байрам билан табриклаётган матбуот хизматлари шунчаки “қайси журналистнинг саволига ўз вақтида жавоб бермадим?”, “биринчи раҳбарим билан интервью ёки матбуот анжумани ташкил қила олдимми?”, “танқидий материал берган журналистга ёмон муносабатда бўлмадимми?”, “нега фақат мақтов ёзувчилар билан ишлаяпман, бу қанчалик самарали?”, “маълумотларни етарлича бера олмаслик сабабли одамлар билан ҳокимият ўртасида кўприк эмас, тўғонга айланиб қолмаяпманми?” деган саволларни ўзларига бериб, жавоб излашса фойдалироқ бўларди”, дея сўзини якунлаган журналист.








