Бир пайтлар Фарғонанинг юраги бўлган Ахсикент бугун қандай кўринишда?
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида, Сирдарёнинг сокин оқими бўйида қад ростлаган Ахсикент харобалари бугун ҳам ўтмишнинг улуғ ҳикояларини сўзлаб туради.

Бир замонлар Фарғона водийсининг юраги бўлган бу маскан ҳозир сукунат бағрида. Аммо харобалар орасида юрганингизда, гўё минг йиллик тарих нафаси юзингизга урилгандек бўлади. Zamon.uz мухбири қадимий Ахсикент ёдгорлигида бўлиб, буюк салтанатлар излари, Бобур нафасини сақлаб қолган деворлар билан яқиндан танишди.

Милоддан аввалги III–II асрларда бунёд этилган асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг энг муҳим нуқталаридан бири сифатида яшаб келган. Карвонлар айнан шу ерда тўхтаган, савдогарлар шарқ ва ғарбни боғлаган, усталар эса ўз маҳорати билан дунёни лол қолдирган.

Тарихчиларга кўра, ИХ–X асрларда Ахсикент Фарғона водийсининг пойтахти даражасига кўтарилган. Ўша даврда шаҳарда зарб қилинган тангалар Сомонийлар давлати ҳудудида кенг муомалада бўлган. Бу эса Ахсикентнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий марказ ҳам бўлганини тасдиқлайди.

Қадимий шаҳарнинг мудофаа деворлари бугун хароба ҳолатда бўлса-да, уларнинг қудратини тасаввур қилиш қийин эмас. Деворларнинг баландлиги қарийб 20 метр, қалинлиги эса 10 метрга етган. Бешта дарвоза ва чуқур хандақлар билан ўралган бу қалъа ўз даврининг энг мустаҳкам шаҳарларидан бири ҳисобланган.

Археологик топилмалар Ахсикент аҳолиси юқори турмуш маданиятига эга бўлганини кўрсатади. V–VII асрларда қурилган уйларда алоҳида ошхона, омбор, ётоқхона ва ҳатто тоза сув қудуқлари мавжуд бўлган. Деворларга рангли безаклар ишланган, хоналарни иситиш учун эса сандалга ўхшаш махсус ўчоқлардан фойдаланилган.

Ахсикент номи буюк саркарда ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо II айнан шу шаҳарда ҳукмронлик қилган ва уни ўзининг асосий қароргоҳига айлантирган.

Бобур “Бобурнома”да Ахсикент ҳақида шундай ёзади: “…Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур… Умаршайх Мирзо муни пойтахт қилиб эди.”
Бу сатрлар Ахсикентнинг ўша даврдаги қудрати ва нуфузини яққол намоён этади.Аммо тарихда юз берган шафқатсиз урушлар буюк шаҳарга ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Қорахитойлар босқини, Чингизхон қўшинларининг ҳужумлари ва ниҳоят, 1621 йилдаги даҳшатли зилзила Ахсикентни харобага айлантиради. Шундан сўнг аҳоли Наманган томонга кўчиб кетган.

Бугун эса қадимий шаҳар харобалари яна тарих ихлосмандлари, олимлар ва сайёҳларни ўзига чорламоқда. Сирдарё бўйида жимжит ётган бу маскан гўё ҳали-ҳануз буюк аждодлар овозини сақлаб қолгандек.Ахсикент — бу оддий хароба эмас. Бу — Фарғона водийсининг минг йиллик юраги, Бобур излари сақланган муқаддас маскан ва ўзбек халқининг бой цивилизациясидан дарак берувчи ноёб тарихий хотирадир.








