Мисрда қўлга олинган "Жора Ташкентский" Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Жиноят оламида "Жора Ташкентский" номи билан танилган Георгий Сорокин товламачилик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, жиноят оламида "қонундаги ўғри" ("вор в законе") сифатида танилган Георгий Сорокин Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Маълумотларга кўра, Георгий Сорокин 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Россия фуқароси бўлиб, сўнгги йилларда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яшаб келган.
Сорокин илк жиноятини 1990 йилда, 18 ёшида содир этган ва етти йилга озодликдан маҳрум этилган. Шундан буён у Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда босқинчилик, талончилик, товламачилик, ноқонуний қурол ҳамда гиёҳванд моддаларни сақлаш каби жиноятлар учун бир неча бор судланган.
Шунингдек, унинг ёнидан қалбаки Россия паспорти топилгани, ушбу ҳужжат ёрдамида узоқ йиллар давомида турли давлатларга қатнаб юргани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, Сорокин 2021 йилда жиноий шериклари билан олдиндан тил бириктириб, Тошкент шаҳрида умумий қиймати 350 минг АҚШ долларига тенг бўлган икки уйни товламачилик йўли билан эгаллаб олган. Гумонланувчилар уй эгасига ва унинг оила аъзоларига нисбатан зўравонлик ишлатиб, кўчмас мулкни ўз номларига расмийлаштиргани айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Георгий Сорокинга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган ва у халқаро қидирувга берилган.
ИИВнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда Интерпол ўртасидаги ҳамкорлик натижасида у Мисрда ушланиб, барча халқаро ҳуқуқий тартиб-таомиллар якунлангач, Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилган.
Ҳозирда Георгий Сорокин Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган бўлиб, унга нисбатан жиноят иши доирасидаги тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.








