Ўзбекистон

Ўзбекистонда 1 фоизлик солиқ кешбеки бекор қилиниши мумкин

Оммавий рағбатлантириш ўрнига солиқ хавфи юқори бўлган соҳаларда манзилли рағбатлантириш ва давлат лотереяларини жорий этиш тавсия қилинмоқда. Бу орқали бюджет харажатларини қарийб 20 бараварга қисқартириш мумкин.

Ўзбекистонда 1 фоизлик солиқ кешбеки бекор қилиниши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти Ўзбекистонда амалда қўлланилаётган 1 фоизлик солиқ кешбеки механизмини такомиллаштириш бўйича таҳлил эълон қилди.

 

Унда қайд этилишича, солиқ кешбеки тизими онлайн назорат-касса машиналари жорий этилаётган дастлабки босқичда харидорларни фискал чек талаб қилишга рағбатлантириш, савдо айланмаларини расмийлаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришда муҳим восита бўлган. Мазкур механизм орқали фуқаролар жамоатчилик солиқ назоратига жалб этилган, ҳар бир харидни расмий қайд эттиришга моддий манфаатдорлик яратилган.

 

Институт экспертлари фискал чек олиш одати шакллангач, оммавий пулли рағбатлантиришга эҳтиёж босқичма-босқич камайишини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар иқтисодий ва ижтимоий самарадорлик нуқтаи назаридан мунтазам баҳолаб борилиши лозим.

 

Таҳлилда келтирилишича, солиқ кешбекини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 2022 йилда 820 миллиард сўм, 2023 йилда 1,24 триллион сўм, 2024 йилда 1,05 триллион сўм, 2025 йилда 1,51 триллион сўм йўналтирилган. 2026 йилда эса ушбу кўрсаткич 1,81 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

 

Шу билан бирга, айланмадан олинадиган солиқ тушумлари ўсишда давом этаётган бўлса-да, уларнинг ўсиш суръати кешбек жорий этилган дастлабки йиллардагига нисбатан секинлашгани қайд этилган. Институт бунга кешбек харажатлари ошиб бораётгани солиқ тушумлари ўсиши билан мутаносиб кечмаётганини сабаб сифатида келтирган.

 

Таҳлилда яна бир жиҳатга эътибор қаратилган. Унга кўра, 2026 йил май ойида харидорларга тўланган 146,6 миллиард сўмлик солиқ кешбекининг 15,7 миллиард сўми ёки 10,7 фоизи энг йирик ўнта савдо тармоғи ҳиссасига тўғри келган. Экспертлар бундай ҳолатда давлат маблағларининг бир қисми солиқ кешбекисиз ҳам расмийлаштирилиши муқаррар бўлган харидларни рағбатлантиришга сарфланаётганини қайд этган.

 

Институт замонавий солиқ маъмурчилигида сунъий интеллект, Big Data технологиялари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса машиналари, рақамли маркировкалаш ҳамда электрон тижорат платформалари кенг қўлланилаётгани сабабли солиқ хавфларини харидорларнинг доимий иштирокисиз ҳам аниқлаш имконияти кенгайганини билдирган.

 

Шу муносабат билан фискал чекларни оммавий рағбатлантиришдан босқичма-босқич воз кечиб, солиқ хавфи юқори бўлган йўналишларда манзилли рағбатлантириш тизимига ўтиш таклиф этилган.

 

Хусусан, умумий овқатланиш корхоналари, кичик чакана савдо объектлари ва бошқа хавфи юқори соҳаларда фискал чекларни рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида давлат лотереяларини ташкил этиш тавсия этилган. Соврин сифатида автомобиллар, сайёҳлик йўлланмалари ҳамда қиймати 5 миллион сўмдан юқори бўлган бошқа қимматбаҳо мукофотларни ўйнаш таклиф қилинган.

 

Институт ҳисоб-китобларига кўра, бундай механизмни молиялаштириш учун йилига 100 миллиард сўмгача маблағ етарли бўлади. Бу амалдаги кешбек тизимига нисбатан давлат бюджети харажатларини қарийб 20 бараварга камайтириш имконини беради.

 

Таҳлилда оммавий кешбек механизмидан айрим ҳолларда сохта ҳисоб-китоб операцияларини расмийлаштириш орқали ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраётгани қайд этилган. Бундай схемаларни онлайн назорат-касса машиналари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, тўлов тизимлари ва бошқа давлат ахборот ресурслари маълумотларини ўзаро солиштириш орқали автоматик аниқлаш зарурлиги таъкидланган.

 

Институт хулосасига кўра, солиқ кешбеки фискал чек олиш маданиятини шакллантириш ва чакана савдо шаффофлигини оширишда муҳим роль ўйнаган. Бироқ рақамли иқтисодиёт ривожланиши шароитида солиқ маъмурчилигини рискка асосланган назорат, манзилли рағбатлантириш ва рақамли шаффофлик тамойиллари асосида такомиллаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Президент Чим маҳалласидаги ўзгаришлар билан танишди

Президент Чим маҳалласидаги ўзгаришлар билан танишди

Шавкат Мирзиёев Қамаши туманидаги Чим маҳалласига ташриф буюрди. Ҳудудда инфратузилмани янгилашга 55 миллиард сўм йўналтирилган.

Эркинжон Турдимовга яна бир ваколат берилди: вазирликка ходимларни суҳбат асосида ишга олиши мумкин

Эркинжон Турдимовга яна бир ваколат берилди: вазирликка ходимларни суҳбат асосида ишга олиши мумкин

Президент қарори билан Таълим ва илм-фан вазирлигида янги фаолият ва тузилмалар ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев тил байрами билан Ўзбекистон халқини табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев тил байрами билан Ўзбекистон халқини табриклади

Шавкат Мирзиёев ўзбек тилини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Саида Мирзиёева Ашхободда «ОНА. Она табиат» кўргазмасига ташриф буюрди

Саида Мирзиёева Ашхободда «ОНА. Она табиат» кўргазмасига ташриф буюрди

Саида Мирзиёева табиатни асраш ва унга меҳр билан муносабатда бўлиш туйғусини ёш авлодга сингдириш муҳимлигини таъкидлади.

“Ҳеч бир бола, ҳеч бир оила ўз дарди билан ёлғиз қолмаслиги учун, фаровон келажаги учун бирлашайлик!" — Зироат Мирзиёева

“Ҳеч бир бола, ҳеч бир оила ўз дарди билан ёлғиз қолмаслиги учун, фаровон келажаги учун бирлашайлик!" — Зироат Мирзиёева

Самарқандда болалар онкологияси бўйича II халқаро конгресс ўтказилмоқда.

Таълимда психологик назорат кучаяди: ўқувчилар ва педагоглар ҳар йили текширувдан ўтади

Таълимда психологик назорат кучаяди: ўқувчилар ва педагоглар ҳар йили текширувдан ўтади

Натижалар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, эҳтиёжга қараб психологик ёрдам кўрсатилади.

Рекламаларда давлат тили талаблари бузилмоқда: 4 496 та камчилик аниқланди

Рекламаларда давлат тили талаблари бузилмоқда: 4 496 та камчилик аниқланди

Камчиликларнинг асосий қисми бошқа тилларда ёзилган пешлавҳа ва рекламаларга, шунингдек, имловий хатолар ҳамда сўзлар маъносининг бузилишига тааллуқли.

Тил байрами кунида тарихий қарор: Ўзбек алифбосини такомиллаштириш қонуни имзоланди

Тил байрами кунида тарихий қарор: Ўзбек алифбосини такомиллаштириш қонуни имзоланди

Ҳужжатга мувофиқ, алифбодаги тўртта ҳарфнинг ёзилиши ўзгартирилади.