Тарихий обидалар ва музейларга кириш 50 фоизга арзонлашади: кимлар учун?
Имтиёз 1–30 ноябрь кунлари амал қилади.

Ўзбекистонда 2026 йил 1–30 ноябрь кунлари “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида кекса ёшдаги фуқаролар учун маданий мерос объектлари, давлат музейлари ҳамда музей-қўриқхоналарга кириш чипталарига 50 фоизлик чегирма жорий этилади.
Мазкур имтиёз кексаларнинг тарихий обидалар ва музейларга ташриф буюриш имкониятларини кенгайтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришини рағбатлантириш ҳамда мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишишига кўмаклашишга қаратилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 1-сон мажлис баёнининг 7-бандида “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида маданий мерос объектлари ва давлат музейларига ташриф буюрувчилар учун чегирмалар эълон қилиш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.








