Қирғиз тилини билиш синови: Президентликка номзодлар ҳам имтиҳондан ўта олмади
2026 йил январидан октябригача давлат тили имтиҳонини биринчи марта топширганларнинг 17,9 фоизи муваффақиятли натижа кўрсатган.

Қирғизистонда президентлик сайловлари арафасида давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонига қизиқиш ортди. Президентликка номзодлар Омурбек Суваналиев ва Сиймлик Жапиқайев тестда талаб этилган баллни тўплай олмаган. Жапиқайев имтиҳонни қайта топширган. Яна бир номзод Исҳоқ Масалиев ҳам тестдан ўтган, бироқ унинг натижаси ҳозирча маълум эмас.
24.kg нашри 2026 йил январидан октябригача бўлган давлат тили имтиҳонлари натижаларини таҳлил қилди. Таҳлилга кўра, тестни биринчи марта топширган иштирокчиларнинг атиги 17,9 фоизи муваффақиятли натижа кўрсатган.
Нашр Қирғизтест сайтида эълон қилинган 200 та натижалар файлини ўрганиб чиққан. Йил бошидан буён 21 552 киши имтиҳонни биринчи марта топширган бўлиб, улардан 3 859 нафари ёки 17,9 фоизи керакли натижага эришган.
Биринчи уринишда муваффақият қозонганлар ва имтиҳонни қайта топшириб, талаб этилган баллни олганлар ҳисобга олинганда, муваффақиятли натижалар улуши умумий иштирокчилар сонининг қарийб 41 фоизини ташкил этган.
Қирғизтест маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан 1 октябргача жами 30 525 та тест ўтказилган. Шундан 13 278 киши давлат тилини билиш бўйича белгиланган талабни бажарган. Бу барча тестлардан ўтганларнинг 43,5 фоизига тенг. Ушбу кўрсаткич 24.kg нашри таҳлили натижаларига яқин.
Имтиҳоннинг энг қийин қисмлари ёзма ва оғзаки топшириқлар бўлган. Нашр таҳлилига кўра, сентябргача қатнашчиларнинг ярмидан кўпи айнан шу бўлимлардан муваффақиятли ўта олмаган. Ўқиш ва тинглаб тушуниш топшириқлари эса нисбатан осонроқ кечган.
Сентябргача имтиҳоннинг барча бўлимларини биринчи уринишдаёқ муваффақиятли топшириш ҳар беш иштирокчидан бирига насиб этган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич ҳар тўққиз иштирокчидан бирига тушган.
Қирғиз тилини билиш даражасини баҳоловчи давлат имтиҳони луғат, грамматика, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини қамраб олади. Тест A1 — бошланғич даражадан C1 — илғор даражагача баҳоланади. Имтиҳон учун 2 соат 50 дақиқа вақт ажратилади.
2 сентябрдан бошлаб «Луғат ва грамматика» бўлими вақтинча алоҳида синов сифатида ўтказилмайдиган бўлди. Унинг мазмуни бошқа бўлимларга қўшилди.
Давлат ва муниципал хизматчилар учун қирғиз тилини камида B1 даражасида билиш талаби 2025 йилдан, B2 даражаси эса 2027 йилдан жорий этилиши белгиланган. Давлат ва муниципал корхона, муассаса ҳамда ташкилотлар ходимлари, жумладан, ўқитувчилар, илмий ходимлар ва тиббиёт соҳаси вакиллари учун B1 даражаси 2026 йилдан, B2 даражаси эса 2028 йилдан талаб этилади.
Қирғизистонда доимий яшовчи этник озчилик вакиллари учун ҳам алоҳида талаблар белгиланган: 2026 йилдан A2, 2028 йилдан эса B1 даражасини билиш талаб қилинади.








