Ўзбекистонда хорижий инвестициялар ҳажми йилига 40–50 миллиард долларга етди
Шунингдек, мамлакатда камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизгача қисқаргани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакат иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва эришилган натижалар ҳақида сўзлади.
Давлат раҳбари катта сиёсий ирода билан Ўзбекистон дунёга кенг очилгани, қўшни давлатлар билан чегара масалалари ҳал этилиб, дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланганини таъкидлади.
Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилгани қайд этилди. Натижада Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни 80 поғонага яхшиланиб, мамлакат иқтисодиёти мўътадил эркин давлатлар қаторидан жой олгани айтилди.
Илгари Ўзбекистонга йилига 2–3 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 40–50 миллиард долларга етгани таъкидланди. Инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келаётгани қайд этилди.
Шунингдек, уч йил аввал 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган бўлса, глобал логистика тизимидаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамай, ушбу маррага жорий йилнинг ўзидаёқ ортиғи билан эришилгани маълум қилинди. Натижада Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириши қайд этилди.
Президент бундай натижаларга халқнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, янги даврда 650 мингдан зиёд оила замонавий уй-жойга эга бўлгани қайд этилди.
Тантана давомида минглаб маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бораётгани, камбағаллик масаласи очиқ тан олиниб, уни кескин қисқартириш бўйича миллий тажриба шакллантирилгани таъкидланди.
Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилашга қаратилган “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Изчил саъй-ҳаракатлар натижасида камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилгани қайд этилди. Ушбу кўрсаткич ортида турмуш шароити ва ҳаёт сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг ҳаёти мужассам экани таъкидланди.








