Йўловчилар хавфсизлиги хавф остида: автобус ҳайдовчиси жазоланди
Тошкентда ҳайдовчи автобусни эшиклари очиқ ҳолда бошқарди.

Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчисининг йўловчилар хавфсизлиги талабларини бузаётгани акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ масъуллари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида 2026 йил 4 октябрь куни ҳайдовчи техник жиҳатдан соз автобусни ҳаракатланиш вақтида эшикларини ёпмасдан бошқаргани ва лавозим йўриқномаси талабларини бузгани аниқланган.
Қоидабузарлик юзасидан ҳайдовчига белгиланган тартибда интизомий чора кўрилган. Жумладан, 2026 йил 5 октябрдаги 88-сон буйруққа асосан, унинг ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланган.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, автобуслардан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя этиш ҳамда ҳайдовчиларнинг хизмат вазифаларини масъулият билан бажаришини таъминлаш доимий назоратда эканини маълум қилган.
Шунингдек, бундай ҳолатларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида назорат чоралари кучайтирилгани билдирилган.








