“Ёрқин хонадон”: “Темир дафтар”даги 1 197 та оилага қуёш панеллари бепул ўрнатилади
Лойиҳа эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси харажатларини камайтириш ва ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олишига имкон беради.

“Темир дафтар”га киритилган 1 197 та кам таъминланган оилага қуёш панеллари бепул ўрнатилади.
Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг “Acwa” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ёрқин хонадон” ижтимоий лойиҳасининг якуний босқичи бошланди.
Янги босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятларини қамраб олади. Унда қуёш панеллари ўрнатиладиган оилалар рўйхати “Темир дафтар” реестри асосида, ҳудудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда шакллантирилади.
Энергетика вазири Шерзод Ходжаевнинг таъкидлашича, лойиҳа эҳтиёжманд оилаларга қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятини яратиш, уларнинг электр энергияси харажатларини камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар Сурхондарё, Бухоро, Тошкент ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1 580 та оила ва 334 та ижтимоий соҳа объекти қуёш панеллари билан таъминланган.
Ижтимоий объектлар қаторидан мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва қишлоқ врачлик пунктлари ўрин олган.
“Acwa” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Жон Заидий қайта тикланувчи энергия манбалари барқарор келажакнинг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлаб, лойиҳа доирасида самарадорлиги юқори бўлган қуёш панелларидан фойдаланилаётганини қайд этди.
Қуёш панеллари эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий объектларнинг электр энергияси харажатларини камайтириш билан бирга, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олиш имконини ҳам беради.
Якуний босқич амалга оширилгач, “Ёрқин хонадон” лойиҳаси жами 3 100 дан ортиқ оила ва ижтимоий соҳа объектларини қамраб олади.








