“Сизлар 7,5 миллион кишисиз, мен эса биттаман” — Садир Жапаров
Қирғизистон президенти кунига атиги тўрт соат ухлаши ва қолган 20 соатини иш билан ўтказишини маълум қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров кунига тўрт соат ухлаши ва қолган вақтини ишга сарфлашини айтди. У бу ҳақда Жалолобод вилоятининг Бозор-Қўрғон тумани аҳолиси билан учрашувда фуқароларнинг шахсий қабулга кира олмаётгани ҳақидаги шикоятига жавобан маълум қилди.
Учрашувда қатнашган фуқаролардан бири президент билан шахсан учрашишга бир неча бор уринганини, бироқ бунга эриша олмаганини айтган.
Бунга жавобан Садир Жапаров мамлакатда 7,5 миллионга яқин фуқаро борлиги ва уларнинг барчасини шахсан қабул қилишнинг имкони йўқлигини тушунтирган.
“Учрашувга кира олмаяпман, деманг. Сизлар 7,5 миллион кишисиз, мен эса биттаман. Агар ҳамма мени кўргани келса, барчасини қабул қила олмасдим. Менинг ўз иш жадвалим бор. 24 соатдан атиги тўрт соат ухлайман, қолган 20 соатни ишда ўтказаман”, — деган у.
Президент бундай жадвал билан ҳам барча муаммоларни ҳал қилиш учун вақт етишмаслигини қўшимча қилган.
Шунингдек, Садир Жапаров айрим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида шикоят қилган фуқаронинг мурожаатини текширишни масъул шахсларга топширган. У фуқаролардан ноқонуний равишда пул талаб қилинган-қилинмаганини, маблағни ким ва қанча миқдорда олганини аниқлаш зарурлигини таъкидлаган.







