“Болалар — келажагимиз” деган қарашнинг ўзи етарли эмас — Шаҳноза Мирзиёева
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари болалар фаровонлигини таъминлаш учун ҳукуматлар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, болалар фаровонлиги ҳақида гап кетганда, уларни фақат келажак сифатида кўриш етарли эмас. Ота-оналар учун фарзандлар, аввало, бугунги куннинг энг муҳим қисмидир. Уларнинг соғломлиги, хавфсизлиги ва ўзини қадрланган ҳис қилиши доимий эътиборни талаб этади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари болаларни ҳимоя қилишга оид ҳар қандай суҳбат қонунлар ёки статистик маълумотлардан эмас, балки оддий, аммо муҳим саволдан бошланиши лозимлигини таъкидлади: ёнида уни ҳимоя қила оладиган катта ёшли инсон бўлмаганида, боланинг аҳволи қандай бўлади?
Шаҳноза Мирзиёева ҳар бир бола ёрдамга муҳтож бўлганида ўз мамлакати унга таянч бўлишини ҳис қилиши зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, у рақамли оламнинг кундалик ҳаётга чуқур кириб келиши, дунёдаги беқарорлик ва кучайиб бораётган кескинликлар болалар ҳамда оилалар хавфсизлиги ва фаровонлигига таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Унинг фикрича, бу муаммоларни бирор мамлакат якка ўзи ҳал қила олмайди. Шу боис ҳукуматлар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ўзаро ҳамкорлик қилиши, бир-бирининг тажрибасидан ўрганиши муҳим.
Шаҳноза Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонликка мутлақо муросасиз муносабат ва ҳар бир болага сўзсиз ҳурмат тамойилларига асосланган маданиятни шакллантириш зарурлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, болаларнинг бахти, саломатлиги ва хавфсизлиги бугун катталар зиммасидаги масъулият бўлса, эртага мамлакатлар ва бутун дунёнинг келажаги айнан шу болаларнинг қўлида бўлади. Шу сабабли болалар олдидаги масъулиятни келажакка қолдирмасдан, бугундан бошлаш лозим.








