Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди
Тадбирда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси, минтақанинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кўргазмада тақдим этилган китоблар БМТ кутубхонасига совға қилинди.

2026 йил 22 октябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ бўлинмасида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси, шунингдек, уни ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган замонавий лойиҳаларни тақдим этди. Миллатлар саройида «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси ва халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги конференцияда Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг илмий анъаналари жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ушбу мероснинг замонавий жамият учун аҳамияти муҳокама қилинди.
Тадбир 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида бошланган халқаро мулоқотнинг давоми бўлди. Ҳар икки учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига кенг танитиш ташаббуси доирасида ташкил этилди.
Дастур «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси билан бошланди. Унда китоблар, илмий ва тасвирий нашрлар, миниатюралар, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ва кашфиётларига оид материаллар намойиш этилди. Экспозиция минтақанинг илмий ва бадиий анъаналари бойлиги ҳамда авлодлар ўртасидаги билимлар давомийлигини акс эттирди.
Тадбирда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси бош директори Татьяна Валовая ва Ўзбекистоннинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Элдиёр Тошматов табрик сўзлари билан иштирок этди.
Татьяна Валовая конференциянинг цивилизациялар мулоқоти ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлаб, Ислом цивилизацияси марказининг маърифий миссияси ҳамда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонаси билан ҳамкорлик истиқболларига юқори баҳо берди. У Ўзбекистондаги марказда бой тарихий мерос замонавий технологиялар ёрдамида тақдим этилишини алоҳида қайд этди. Шунингдек, томонлар кутубхоналар ўртасида ҳамкорлик қилишга келишиб олганини билдирди.
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ҳам сўзга чиқди.
Асосий маъруза билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди. У музей фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва маърифий йўналишларни бирлаштирган марказнинг халқаро миссияси ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ минбарида илгари сурилган ташаббус амалий натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳидан сўнг буюк аждодлар мероси Женевадаги Миллатлар саройида ҳам тақдим этилиб, халқаро ҳамжамиятда қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, марказ директори БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан БМТ кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бу Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихига оид илгари номаълум бўлган материалларни ўрганиш учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.
Конференцияда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросининг Бухоро, Термиз ва Самарқанд илмий анъаналари билан боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокамаларда илмий билимларнинг ишончлилиги, уларни кейинги авлодларга етказиш масъулияти, эътиқод ва ақл ўртасидаги муносабат масалалари кўриб чиқилди.
Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Самарқанднинг турли маданиятлар ва динлар учрашган тарихий маскан сифатидаги ўрнига тўхталди. Унинг фикрича, инсонлар Яратганни турлича номлашлари мумкин, бироқ бу бир-бирини тушуниш ва ўзаро мулоқот қилишга тўсқинлик қилмаслиги керак.
Берлиндаги Cultur-Cooperation International ташкилоти директори, WOSCU аъзоси Кетлин Гёбель ҳам махсус маъруза билан қатнашди. У бугунги дунёда тинчликни мустаҳкамлаш давлатлар, жамоат институтлари ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этишини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ташаббусини тинчлик ва ҳамжиҳатлик сари қўйилган амалий қадам сифатида баҳолади.
БМТ билан алоқалар бўйича Latter-day Saint Charities ташкилоти вакили Крейг Тейлор Марказий Осиё мутафаккирлари меросининг замонавий жамият учун аҳамияти ҳақида фикр билдирди. У Имом Мотуридий ва Беруний меросини ўрганиш давомида уларнинг ғоялари бугун ҳам долзарб эканига эътибор қаратди. Шунингдек, диний мансубликдан қатъи назар, тинчликни мустаҳкамлаш ва хилма-хилликка бой жамиятда ўзаро ҳурматни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Конференциянинг илмий қисмини унинг модератори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов очиб берди. У Марказий Осиё олимларининг кашфиётлари, уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва Ислом цивилизацияси марказининг халқаро миссияси ҳақида сўз юритди.
Маърифат ва бағрикенглик мавзусини Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов давом эттирди. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов ўз маърузасида мутафаккир меросида ақл, мўътадиллик ва ахлоқий масъулиятнинг аҳамиятини очиб берди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев эса Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий меросида манбалар ишончлилигини текшириш усулларига тўхталди.
Дастур доирасида Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси мероси, янги авлод музейи сифатидаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросига бағишланган учта қисқа метражли фильм намойиш этилди. Фильмларда минтақанинг тарихий меросини ўрганиш ва оммалаштиришда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар акс эттирилди.
Кўргазмада тақдим этилган барча китоблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди. Бу илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган амалий қадамлардан бири бўлди.
Конференция илмий ва маданий-маърифий соҳалардаги қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилиш билан якунланди. Расмий дастурдан сўнг Миллатлар саройида ўзбек миллий таомлари тақдим этилган миллий қабул маросими ташкил этилди. Унда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндалари ўртасидаги мулоқот давом этди.
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда WOSCU томонидан ташкил этилди.








