Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди
Анжуманда икки мамлакат олимлари тарихий алоқалар, буюк алломалар мероси ва илмий-тадқиқот ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

2026 йил 26 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида «Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маънавий алоқаларни чуқур ўрганиш, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий-тадқиқот ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, музейлар раҳбарлари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм тақдим қилинди. Марказ нашрларидан ташкил этилган китоблар кўргазмаси меҳмонларга мамлакатимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси билан танишиш имконини берди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов икки халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, муштарак қадриятлар ва стратегик шериклик муносабатларининг аҳамиятини таъкидлади.
У Буюк ипак йўли асрлар давомида халқлар ўртасида билим, илмий ютуқлар ва маданий тажриба алмашинувига хизмат қилганини қайд этди. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий ва Муҳаммад Фузулий каби алломаларнинг мероси икки халқни бирлаштирувчи умуминсоний бойлик эканини таъкидлади.
Элчининг қайд этишича, бугунги кунда ҳам олимлар, тадқиқотчилар ва илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ёш тадқиқотчилар учун дастурлар ташкил этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Баҳром Ашрафхонов Ислом цивилизацияси марказини илмий ва маданий мулоқот учун янги майдонга айлантириш, Боку ва Тошкент ўртасидаги илмий, маданий ҳамда гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида марказнинг асосий ғояси, илм-маърифатни тарғиб этиш ва аждодлар меросини келажак авлодларга етказишдаги ўрнига тўхталди.
У Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги тарихий алоқалар исломдан олдинги даврларга бориб тақалишини, кейинги асрларда эса ислом цивилизацияси бу алоқаларни янада бойитганини таъкидлади. Олимлар бир-биридан ўрганган, китоблар турли юртларга тарқалган, бир ҳудудда шаклланган илмий ва адабий ғоялар бошқа ҳудудларда ривожланган.
Абдухолиқов Ибн Сино ва унинг озарбайжонлик шогирди Баҳманёр, Насириддин Тусийнинг Мароғадаги ҳамда Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги илмий мактабларини икки халқ ўртасидаги илмий боғлиқликнинг ёрқин мисоллари сифатида келтирди.
Шунингдек, Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си Алишер Навоий ижодига илҳом бергани, Навоий туркий тилда ўз «Хамса»сини яратгани ва унинг ижоди озарбайжон шоири Кишварийга таъсир кўрсатганини қайд этди.
Нутқда Тошкентда сақланаётган, Навоий ва Фузулий асарлари бир муқовада жамланган қўлёзма ҳам алоҳида тилга олинди. Марказ директори бу мисол икки халқ адабий мероси ўртасидаги узвий алоқаларни намоён этишини таъкидлади.
У, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Илҳом Алиев ўртасидаги ишонч ва амалий ҳамкорлик тарихий яқинликни бугунги кунда ҳам мустаҳкамлаб бораётганини қайд этди. Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг икки давлат раҳбари иштирокида очилгани тарихий мерос билан замонавий таълим ўртасидаги боғлиқликнинг намунаси сифатида келтирилди.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ҳам сўзга чиқди. У Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларда тарихий яқинлик, муштарак маданият, маънавий қадриятлар ва умумий маданий макон муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
У Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувийнинг мероси туркий халқлар ўртасидаги диний ва маънавий алоқалар асрлар давомида мустаҳкам бўлганини кўрсатишини қайд этди. Буюк мутафаккирларнинг маънавий камолот, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойилларга оид қарашлари бугун ҳам долзарблигини сақлаб қолаётгани таъкидланди.
Ҳомиджон Ишматбеков Ўзбекистон мусулмонлари идораси Озарбайжоннинг диний муассасалари ва уламолари билан диний-маънавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди.
Келишув тарихий меросни биргаликда ўрганиш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли ўз нутқида икки мамлакатни турли даврлар, сулолалар, умумий тарих, дин, маданият ва маънавий қадриятлар боғлаб келганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, олимлар ва тадқиқотчиларнинг ўзаро ташрифлари, илмий учрашувлар ҳамда халқаро конференциялар ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ҳабиббейли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунё учун аҳамиятли лойиҳа сифатида баҳолади. Унинг фикрича, бой тарихий меросни замонавий технологиялар ва ёш авлодга мос шаклларда тақдим этиш алоҳида аҳамиятга эга.
Анжуман доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг мусиқий мероси, хусусан, озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ўртасидаги муштараклик ҳам эътироф этилди. Миллий мусиқа анъаналари икки халқнинг маънавий яқинлигини ифодаловчи муҳим маданий бойлик сифатида намоён бўлди.
Тадбир якунида Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ижрочилари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Миллий санъат намуналари халқларнинг бой маданий мероси ва умумий маънавий қадриятларини яна бир бор намоён этди.
Бокуда ўтказилган халқаро анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк аждодлар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ҳамда замонавий илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.








