Москвада Ўзбекистон нафаси: “Маданият кунлари” юқори нотада ўтди
Россияда учинчи бор “Ўзбекистон маданияти кунлари” ташкил этилиб, тадбирлар давомида юртдошлар билан учрашувлар, маданий ҳамкорлик музокаралари ва ўзбек санъати намойишлари ўтказилди.

4–5 октябрь кунлари Россия Федерациясида навбатдаги “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилди. Мазкур тадбир Россияда учинчи бор ташкил этилиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Маданият кунлари доирасида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар ҳамда турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов ҳам иштирок этди.
Тадбирларнинг муҳим қисмларидан бири Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият масалалари бўйича кичик қўмитасининг олтинчи йиғилиши бўлди.
Учрашувда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Россия маданият вазири Олга Любимова бошчилигидаги делегациялар иштирок этди. Томонлар маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, ижодий жамоалар алмашинувини кенгайтириш ҳамда икки халқнинг бой маданий меросини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон хореография академияси ректори Шухрат Тохтасимов, Ўзбекистон рақс санъати ижодий бирлашмаси ижодий раҳбари Чарос Джурабаева ва Москва хореография академияси ректори Светлана Захарова ўртасида меморандум имзоланди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Россия маданият вазирлари Озодбек Назарбеков ва Олга Любимова томонидан Маданият масалалари бўйича кичик қўмитанинг олтинчи йиғилиши баённомаси ҳам имзоланди.
Маданият кунларининг асосий тадбирларидан яна бири Москва шаҳридаги Давлат Кремль саройида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон шуъласи” тантанали концерти бўлди.
Концерт дастурида Ўзбекистоннинг миллий мусиқа, мақом, опера, эстрада ва хореография санъати намуналари намойиш этилди. Шунингдек, ўзбек ва рус халқларининг мусиқий меросини уйғунлаштирган асарлар ижро қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, Мукаррама Тўрғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабалари ҳамда таниқли санъаткорлар иштирок этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган фотокўргазма ташкил этилиб, мамлакатнинг бой маданий мероси ва замонавий ижодий ютуқлари намойиш қилинди.
Маълумот учун, илк “Ўзбекистон маданияти кунлари” 2021 йил 9–12 июнь кунлари Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида, иккинчи тадбир эса 2024 йил 17–20 ноябрь кунлари Москва шаҳрида ўтказилган.
Ўзаро маданият кунларини ташкил этиш анъанаси доирасида 2025 йил 28–31 май кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Россия маданияти кунлари” ҳам ташкил этилган.
Навбатдаги “Ўзбекистон маданияти кунлари” икки мамлакат халқларини маданият ва санъат орқали янада яқинлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.








