Учтепадаги хонадонда ёнғин чиқди: бир киши ҳалок бўлди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бугун, 24 октябрь куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 01:33 да Юсуф Саккокий кўчасида жойлашган турар жой мажмуасидаги хонадонлардан бирида ёнғин юз бергани ҳақида хабар келиб тушган.
Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ёнғинни соат 01:52 да бартараф этган.
Ёнғин оқибатида хонадоннинг уй жиҳозларига зарар етган. Воқеа жойида бир нафар фуқаронинг жасади аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ёнғин сабаблари ва бошқа тафсилотларни аниқлаш бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








