Қиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилади: кимлар олиши мумкин?
Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.

“Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида, 2026 йил ноябрь ойида айрим эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга бир марталик 1 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади.
Ёрдам қуйидаги тоифаларга берилади:
-
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга;
-
“Маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Ижтимоий реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича реестр мезонларига мос келадиган оилаларга;
-
Оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилаларга;
-
Марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи, даромади белгиланган мезонларга мос оилаларга. Бунда аҳоли жон бошига ўртача ойлик даромад Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан, Тошкент шаҳрида эса уч бараваридан ошмаслиги керак.
Шунингдек, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига мувофиқ, даромади юқоридаги мезонлардан ошадиган айрим эҳтиёжманд оилаларга ҳам ёрдам ажратилиши мумкин.
Бундан ташқари, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам бир марталик моддий ёрдам олади.








